Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидан Озодликка мурожаат қилган тўққиз нафар фермер, улар ташландиқ жойда ўзлаштирган ер ҳокимнинг буйруғига асосан ноқонуний олиб қўйилиб, бошқа вилоятдан келган бир тадбиркорга бериб юборилганидан шикоят қилди.
Фермерларнинг айтишича, улар сув чиқмайдиган бу ташландиқ ерни давлатдан бир сўм ҳам ёрдам олмай, ўз кучлари билан ўзлаштирган, автомобиль ва чорвасини сотиб насос ўрнатган, сув чиқарган.
Туман ҳокими Озодлик саволларига жавобан фермерлар ерлари давлатга зарар етказгани ва қарзни қоплай олмагани учун олиб қўйилганини иддао қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик билан 21 декабрь куни суҳбатлашган сайхунободлик фермерлар уларнинг ерлари ноқонуний олиб қўйилганини айтди.
“Робот Элшод Дурдонаси” фермер хўжалиги раҳбари Ярмон Турдиевнинг айтишича, ташландиқ ерни у 2014 йилда олганидан сўнг, фақат биринчи йил буғдой режасини бажара олмаган:
- Мен олганда бу жой шўра, қамиш, оқбош босган, сув чиқмайдиган бир ер эди. Мол боқиларди, ов қилинадиган жой эди. Ноябрда олган эдим, қишда буғдой экиб ташладим. Сув йўқ эди, план бўлмади. Кейинги йил Ласетти машинамни, ака-укаларимники билан қўшганда 16та қорамолни сотиб шу ерга тикдим. Насос сотиб олиб, сув чиқардим. Ўша йили 97 фоиз бажардим, кейинги йил 100 фоиз қилдим. Мана бу йил 116 фоиз қилиб бажардим. Ҳеч қайси ташкилотдан қарзим йўқ, кредитларим ёпилган. Лекин ҳоким еримни олиб қўйиш ҳақида буйруқ чиқарди. Мен бу ерни ер қилгунимча ҳамма нарсамни тикдим, лекин бугун тортиб олди, дейди Ярмон Турдиев.
“Сайхун Бекзодбек” фермер хўжалиги бошлиғи Норқул Қорабоевнинг айтишича, у ҳам ғалла режасини доим бажариб келган, лекин пахта режасини бажаролмаган:
- Бу йил ҳам, олдинги йиллар ҳам ғалла планини бажариб келганман. Лекин пахта бўлмади, чунки бу ерлар пахтанинг жойи эмас, бу ерда пахта яхши бўлмайди. Бизларга 5-10 гектарлаб районни плани учун мажбурлаб эктиришди. Бизда оқбош деган ўт бор, бугун чопсанг, эртага яна ўсиб туради, шунақа жой десак ҳам мажбур қилди. Ахир президентимиз, пахта бўлмайдиган жойга пахта эктириб, фермерни хонавайрон қилма, деяпти. Лекин, булар мажбур қилди. Натижада шу ҳудудга пахта эккан фермерлар пахтаси 25 фоиздан ошмади.
Норқул Қорабоевнинг айтишича, тўққиз нафар фермернинг жами 448 гектар ери туман ҳокими қарори билан Хоразм вилоятидан келган тадбиркор Ҳакимбой Абдуллаевга бериб юборилган:
- Биздан ҳеч ким сўрамади ҳам, розилигимизни олмади ҳам. Агар олинадиган бўлса, қонун бўйича фермер уч йил кетма-кет режани сабабсиз бажара олмагани ва шунда ҳам суд қарори билан ер давлат захирасига олиниши лозим. Хоразмлик меҳмон ким эканлигини ҳам билмаймиз. Биз, маҳаллийлар, шу жойнинг шароитини била туриб, бу ердан пахта олиб бўлмаслигини билсакда, бу меҳмон 448 гектар ерда қандай пахтачилик билан шуғулланишига ҳам ҳайронмиз. Энг қизиғи шундаки, ҳоким қарори 7 ноябрда чиқяпти, 12 ноябрда эса туман фермерлар кенгаши туман ҳокимлигига хулоса беряпти. Аввал хулоса берилиб, кейин қарор чиқарилмайдими?, дейди Норқул Қорабоев.
Сайхунобод туман ҳокими Ботир Мирзақулов 21 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда тўққиз нафар фермернинг ери давлат захирасига олинишини қонуний, деди:
- Бу фермерлар пахта режасини 15-20 фоиз атрофида бажарди, давлатдан катта қарздорлик билан чиқди. Иккинчидан, бу фермерлар йиғилишиб, дон корхонасидан 750 миллион сўмлик шоли уруғини олиб, экмасдан сотиб юборган. Ғалла экиш учун олинган кредитни ишлатмаган. Бу ўтган йиллар ҳам такрорланиб келган. Бу фермерларнинг ҳар бири давлатга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача зарар етказган, кредитини қайтармаган”, деди туман ҳокими.
Ботир Мирзақулов 448 гектар ер "эплай оладиган" хоразмлик тадбиркорга берилганини тасдиқлади.
Ҳоким пахта режасини бажармаган фермер хўжаликларининг рўйхатини ва уларнинг қарзи рўйхатини ҳам Озодликка юборди.
Озодлик бу рўйхатни олганидан сўнг, яна баъзи фермерлар билан боғланиб уларнинг қарзлари ҳокимлик кўрсатган қарзлар билан қанчалик мутаносиб эканлиги ҳақида сўради.
Рўйхатда фермер Ярмон Турдиевнинг туман “химия”сидан 998 минг сўм қарзи борлиги кўрсатилган.
Фермернинг айтишича, бу нотўғри рақам, унинг “химия”да 4 миллион сўм ортиқча пули бор.
Рўйхатда “Робот порлоқ ерлари” фермер хўжалигининг умумий қарзи 11миллион 408 минг сўм, шундан 8 миллион 400 минг сўми шолидан эканлиги айтилган.
Фермер хўжалиги раҳбари Исо Бобомуродовнинг айтишича, унинг 1,5 тонна топширган шолисининг пули бу рўйхатга киритилмаган:
- Топширган шолимнинг накладнойи мана қўлимда турибди. Буни қўшмапти улар. Бизнинг кимдан қанча қарзимиз бор эканлигини сиздан эшитиб турибмиз, - дейди Исо Бобомуродов.
Озодлик суҳбатлашган бошқа фермерлар ҳам бу қарздорлик рўйхати шубҳали бўлиб, бу рўйхат тегишли идоралар томонидан синчковлик билан текшириб чиқилиши зарурлигини таъидлади.
Сайхунобод тумани ҳокими Ботир Мирзақуловнинг Озодликка айтишича, у фермерларга бошқа жойдан боғ қилиш учун беш гектардан ер ваъда қилган, лекин улар рози бўлмаган.
Бу таклифга рози бўлмаганини фермер Исо Бобомуродов шундай изоҳлади:
- Мен уч йил бор нарсамни шу ерга тиксаму, уни оилам, ишчиларим билан ўзлаштирсам, нега ер энди ер бўлиб, оғзим ошга етганида буни топширишим керак экан?! Мен ер ўзлаштирувчи ташкилот эмасман. Нима учун мен азоб билан ўлаштираману, мениинг нонимни бошқа жойдан келган кимнингдир эркаси еб кетади?! Нега мен сув бормайдиган бир жойда боғ қилиш учун ҳаммасини бошидан бошлашим керак? Ахир отамдан менга тилло қолмаганки, барини сарфласам. Қани адолат, қани ҳалоллик?! дейди фермер.
Сайхунобод тумани ҳокимининг Озодликка айтишича, фермерларнинг шикоятини ҳозир прокуратура ўрганмоқда ва унинг текширувидан кейин бу ҳақда аниқ бир гап айтса бўлади.
Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.