Филадельфия полицияси Рамазон ойи тугаши муносабати билан шаҳарда ташкил этилган байрамда чиққан отишмада уч киши яраланганини билдирди. Расмий маълумотларга кўра, жами 30 тача ўқ отилган.
Маҳаллий нашрлар 10 апрель куни тушдан кейин Филадельфиянинг шарқий қисмида бир неча киши ўқотар қуролдан жароҳат олгани ҳақида хабар қилишган. Жумладан, 22 ёшли эркак қорнидан жароҳат олган. Яраланганлардан яна бири ўсмир бўлиб чиққан, у икки қўлига ўқ теккан ҳолда воқеа жойига яқин бўлган клиникага олиб келинган.
Полиция уч эркак, бир аёл ва полициячи томонидан яраланган 15 яшар ўсмирни қўлга олган. Воқеа жойида полиция томонидан бешта ўқотар қурол мусодара қилинган.
Байрамда иштирок этган аёл журналистларга отишма чоғида талотўп юзага келгани ва оиласини қидириш чоғида кўнглини даҳшатли қўрқув чулғаб олганини айтган.
“Филадельфияда ўққа тутилиш хавфисиз ҳатто кўчада ҳам бирор байрамни нишонлай олмаслигингиз ачинарли”, деган у.
FOX29 телеканали хабарига кўра, ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳужум юзасидан тергов давом этмоқда.