Қозоғистонда 1 апрелдан Россиянинг ғарб санкцияларини айланиб ўтишига йўл қўймаслик учун чегарадан чегарага товар етказиш бўйича бутун занжирни онлайн тартибда кузатиб турадиган тизим ишга тушиши керак. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри қозоғистонлик юқори лавозимли мулозим сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимга кўра, Остона иккиламчи санкциялар билан боғлиқ барча хатарларни яхши англашади, шунинг учун ҳам барча ҳамкорлар билан ўзаро савдо-сотиқни диққат билан кузатиб боришмоқда.
Мулозим Қозоғистон ҳукумати Россия билан савдо-сотиқ бўйича ҳеч қанақа чеклов ва санкция киритмаётганини, бироқ ғарб санкцияларини айланиб ўтишга йўл қўймаслиги ва бу каби айланиб ўтиш учун майдонга айланмаслигини қайд этган.
Куни кеча Reuters агентлиги бир неча манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, сўнгги ҳафталарда Россия компаниялари қозоғистонлик ўз ҳамкорларидан ғарб санкцияларини айланиб ўтиш ва зарур товарларни импорт қилишда ёрдам қилиш сўраб, тобора кўпроқ мурожаат қилаётганлари ҳақида хабар қилган эди. Агентликнинг икки суҳбатдоши бундай фаолликни Анқаранинг санкция остига тушган товарлар транзитини тўхтатиш режалари тўғрисидаги хабарлар билан боғлаган.
Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан юзлаб хорижий корпорация, ширкат ва брендлар Россиядаги бизнесини ёпишини эълон қилган ва хориждан маҳсулот импорт қилишни ҳам тўхтатиб қўйган. Бунга жавобан россиялик расмийлар параллел импорт доирасида (яъни эгасидан рухсат сўраб ўтирмасдан) учинчи мамлакатлар орқали Россияга чет эл молларини олиб киришга рухсат беришган эди.