Financial Times Владимир Зеленскийни йил одами деб эълон қилди

Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йилда Financial Times газетаси томонидан “йил одами” деб эълон қилинди.

Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Financial Times мулоҳазасича, 44 ёшли Зеленский «империяни тиклаш васвасасига мубтало бўлган» Россия президенти Владимир Путиннинг тамоман аксидир.

Газета Зеленскийни Иккинчи жаҳон уруши даврида британияликларни жипслаштириш учун радио орқали чиқишлар қилган собиқ бош вазир Уинстон Черчиллга қиёслаган. Зеленский ҳормай-толмай кампания учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Хусусан, у шу йўл билан европаликларни Путинга қарши курашиш учун украиналикларга дастак беришга ишонтирган, деб ёзган Financial Times.

Мақола муаллифларига кўра, Зеленскийнинг Россия ҳужуми бошланган пайтда АҚШ томонидан берилган эвакуация таклифини қабул қилмай, Киевда қолишга қарор қилиши урушдаги энг муҳим нуқталардан бири бўлган. Украина президенти бу ҳаракати билан армия ва халқни ишғолчиларга қарши туришга ундаган.