Фоҳишага “раҳнамолик қилган” ИИБ мулозими қамалди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари фоҳишахона ташкил қилган аёлдан пора олгани ортидан икки йилга қамалди.

Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан Олмазор тумани суди судьяси А.Саидов ИИБ мулозимини икки йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилган, дея хабар қилди Daryo.uz.

Суд ҳужжатларида баён қилинишича, 31 ёшли судланувчи 2023 йил сентябрь ойидан Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. ИИБ мансабдори Ф. А. исмли аёлнинг туман ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланиб келишига шароит яратиб бериш, унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик ҳамда ушбу ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб туриши эвазига ундан ҳар ойда 1500 доллардан пул талаб қилган.

ИИБ бошлиғи ўринбосари 2024 йил 14 август куни хизмат хонасида аёлдан пора тариқасида биринчи улушини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аввалроқ Озодлик Андижон туманидаги профилактика инспектори бангфурушга кўмаклашгани ортидан 10 йил 2 ой муддатга қамалгани ҳақида хабар қилган эди.