Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Жиззах вилояти Фориш тумани “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Машраб кўчасида истиқомат қилган 34 ёшли аёл ҳамда унинг 10 ва 5 яшар ўғиллари вафот этган.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, она ва болаларнинг ўлимига “ис газидан заҳарланиш” сабаб бўлган. Ис гази қаердан тарқалганига ФВБ вакиллари аниқлик киритишган эмас.
Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.
Мутахассислар аввалроқ бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган.