“Фотон” заводининг 85,6 фоиз акцияси 151 млрд сўмга сотилди

"Фотон" АЖга тегишли бино (Газета.uz фотоси)

“Фотон” акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги 85,58 фоиз давлат улуши 151 миллиард сўмга сотилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Давактив қайдича, хусусийлаштириш натижасига кўра “HAVVO GROUP” масъулияти чекланган жамияти ғолиб топилган ва 85,58 фоизлик улуш мазкур МЧЖга ўтган.

Ғолиб томонидан келажакда Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотлар турини ва реализацияси географиясини янада кенгайтириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган”, дейилган хабарномада.

“Фотон” заводи Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1942 йил) Москва вилоятидаги “Радиолампа” заводининг Тошкентга кўчирилиши ортидан ташкил этилган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда корхона 68 минг квадрат метрга тенг иккита ишлаб чиқариш майдонига эга.

Уч юз чоғли мутахассис ишлайдиган завод акцияларининг 85,58 фоизлик улуши шу кунгача давлатга тегишли бўлиб келган. Корхонада 30 дан зиёд турдаги яримўтказгич маҳсулотлари ва микросхемалар ҳамда турли электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади. 2020 йил декабрида “Фотон” акцияларининг давлатга тегишли пакети россиялик инвесторларга таклиф этилган эди.

2023 йил декабрида “Фотон” акциядорлик жамияти ва унинг раҳбари Маърифхўжа Сайдумаров Украинанинг санкция рўйхатига киритилганди.