Фойдали қазилмалар ноқонуний тасарруфи учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Адлия вазирлиги қайдича, мамлакат президенти томонидан 28 октябрь куни имзоланган қонунда ана шундай талаб илгари сурилган.

Амалдаги қонунчиликда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 дан 50 бараваригача, мансабдорларга эса 50 дан 100 бараваригача миқдорда жарима кўзда тутилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий чорадан сўнг бир йил давомида такрорланса, фуқароларга БҲМнинг 50-70, мансабдорларга эса 100-150 бараваригача жарима солинади. Шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олишда қўлланилган ашё мусодора қилинади.

Эндиликда фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш ҳуқуқбузарлигини такрор содир этганлик учун, шунингдек, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.

Адлия вазирлиги ахборотида ушбу хатти-ҳаракат учун айнан қандай жазо белгиланаётгани очиқланмаган.

Очиқ маълумотларга қараганда, 2019-2021 йилларда мамлакатда норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари кўрсаткичи 101 тадан 200 тага ортган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар Қашқадарё (80 та), Самарқанд (74 та) ва Тошкент вилоятларида (71 та) энг кўп қайд этилган.