Франциядан Ўзбекистон қамоғига - Муҳсинжон Аҳмедов иши

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўтган йил кузида Франциядан Фарғонага депортация қилинган ўзбекистонлик 40 яшар қочқин Муҳсинжон Аҳмедов 5 йил қамоққа ҳукм қилинди.

Франция Конституцион суди депортация қарорини ноқонуний деб топган ва қочқинни Францияга қайтаришга ҳукм қилган.

Аммо Ўзбекистон томони бу ҳукмга ҳеч қандай муносабат билдирмаган, Аҳмедов ҳам ўшандан буён ҳибсда қолаётганди.

У Францияда пайтида Озодликка интервью берган ва ўшанда ҳам, кейинчалик Фарғонада ёпиқ ўтган маҳкамада ҳам айбловни тан олмаган.

Диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ қатор оғир жиноятларда айбланган Муҳсинжон Аҳмедов - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинган Озоликка маълум илк қочқиндир.
---------------------------------------
Ҳукм

Франциядан Фарғона қамоқхонасига тушган қочқин Муҳсинжон Аҳмедов 5 йилга қамалди. Суд Аҳмедовни ўта оғир жиноятларда айбдор деб топди.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган 40 яшар Муҳсинжон Аҳмедов 2023 йилнинг 14 ноябрь куни Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинганди.

Ўтган йилнинг 7 декабрида - Аҳмедов Ўзбекистонга бериб юборилганидан 3 ҳафта ўтиб, Франция Конституциявий суди унинг депортациясини ноқонуний деб топган ва Францияга қайтариш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Ўзбекистон томони ҳеч бир шаклда бу ҳукмга муносабат билдирмаган. Шу пайтгача, унинг тақдирига оид бирор маълумот бермай келаётган, айни пайтда Аҳмедовнинг оиласи ва адвокати билан ҳам алоқа кесилган эди.
Аммо Озодлик шу кунларда Аҳмедовга нисбатан 2 та суд ҳукмини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Биринчи ҳукм жорий йилнинг 4 январидаёқ Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида ўқилган ва унда Аҳмедов 5 йилу 2 ойга қамоққа ҳукм қилинган.

Иккинчи ҳукм эса, 2024 йилнинг 12 мартида Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида ўқилган ва унда судланувчининг ҳимояси киритган шикоят аризаси қондирилмаган.

Ҳар икки ҳукмда келтирилишича, Аҳмедов Ўзбекистон Жиноят кодексининг энг оғир моддалари - 159-модда 1-қисми, 244-1-моддасининг 2-қисми, 246-моддасининг 1-қисми, 59-модданинг 3-қисми билан айбланган.

Қуйида Аҳмедовга нисбатан 1-273/16-жиноят иши ҳукмидан парчалар:

“Судланувчи Аҳмедов Муҳсинжон Тўлқинович ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари билан, яни "SONY XPERIA ZI COMPAKT" русумли уяли телефон аппаратини Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига контрабанда, яъни божхона назоратидан яшириб, МР3 Quron Uzbek папкасида "ahdigavafo" номли файлдаги, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қиладиган, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиб, тарқатиш мақсадида сақлаб, тарқатиб, даъват қилиб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 1-қисми, 2441-моддаси 2-қисми ва 246-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир этган”.

Бундан ташқари, ҳукмда қайд этилишича Аҳмедов:

"Тоҳир Йўлдош ahdigavafo" номли видеофайлини турмуш ўртоғи Д.Аҳмедовага намойиш қилиш йўли билан тарқатиб, уни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлаштишга очиқдан-очиқ дават қилган”.

Озодликда Аҳмедовга нисбатан илгари сурилган бу айбловларни мустақил равишда тасдиқловчи ёки инкор қилувчи маълумотлар йўқ. Аммо, ҳукмда келтирилган айблов ва унинг судда тасдиқланиши жараёни қатор саволларни ўртага чиқаради.

Мавзуга алоқадор “Қайтарилсин”. Франция суди Аҳмедовнинг депортация қарорини бекор қилди

Тоҳир Йўлдошнинг "ahdigavafo"си

Аҳмедовнинг телефонидан топилгани айтилган "ahdigavafo" номли файлда топилган тақиқланган диний материаллар, ҳукмда ёзилишича, “Туркистон ислом ҳаракати” диний экстремистик ташкилоти етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг маърузаларидир.

Тоҳир Йўлдош ўзи 1996 йилда тузган ва Ўзбекистон, АҚШда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган “Ўзбекистон исломий ҳаракати” етакчиси сифатида билинади. Тоҳир Йўлдош 2009 йили 27 август куни Вазиристонда АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учқичи отган ракета ҳужумида ўлдирилган.

Қўқон шаҳар суди ҳукмида, гўёки Аҳмедовга тегишли телефондан чиққан Тоҳир Йўлдош маърузалари Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси томонидан давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қилувчи, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи, деб топилгани айтилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, суд ишидаги яна бир эътиборли жиҳат, гарчи Аҳмедов гўёки содир этган жиноятларнинг ягона гувоҳи бўлган - собиқ турмуш ўртоғи Д.Аҳмедова (Абдуазизова) суд жараёнида терговга берган кўрсатмасини ўзгартирган бўлса-да, суд айнан терговда берилган кўрсатмани инобатга олишни маъқул кўргани ҳукмда қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳукмда Аҳмедовнинг судда айбловни тан олмагани, уни ҳимоя қилган 3 адвокат маҳкамада айблов тасдиғини топмаган, деган хулосани билдиргани ҳам айтилган.

Аммо, судья Пўлатжон Маматусмонов ҳимоянинг эътирозларини ҳам инобатга олмаган.

“Судья инобатга олмади”

Муҳсинжон Аҳмедовнинг Франциядан Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборилиши - Ўзбекистон ва Европадаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан президентлар Мирзиёев ва Макрон бошқарувидаги энг жиддий қонун бузилиши сифатида эътироф этилган.

“Судда адвокатлар, террорчи Тоҳир Йўлдошевнинг маърузаси топилган мобил телефоннинг Муҳсинжон Аҳмедовга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, унинг ўз телефони терговчилар томонидан йўқотилгани ва ўрнига бегона телефонни тиқиб қўйишгани ҳамда бу ҳаракат - далилни сохталаштириш эканини исботловчи барча далилларни тақдим қилишди. Бундан ташқари, 2024 йилда Муҳсинжоннинг собиқ турмуш ўртоғининг 2014 йилда терговчиларнинг босими остида Аҳмедовга туҳмат қилгани ҳақида судда берган иқрорлик кўрсатмасини ҳам суд рад этди”, дейди Аҳмедов ҳимояси билан шуғулланиб келаётган - Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

Франция суди қарори

Муҳсинжон Аҳмедов 2019 йилдан буён Францияда яшаётган ва бу давлатдан сиёсий бошпана сўраган эди.

Франция Конституцион судининг ўтган йилнинг 7 декабридаги қарорида унинг депортацияси ноқонуний экани айтилиб, уни тезликда Францияга қайтаришга ҳукм қилинган.

--------------------------------------------------------------

Франция Конституцион суди кенгашининг N° 489817 иш бўйича қарори:

1- банд: Париж Маъмурий судининг 2023 йил, 16 ноябрдаги қарори бекор қилинсин.

2-банд: Ички ишлар вазирлиги ва Европа ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Аҳмедовни имкон қадар тез давлат ҳисобидан Францияга қайтариш учун зарур барча чора-тадбирларни кўриш буюрилсин.

3-банд: Маъмурий юстиция кодексининг L.761-1 моддаси асосида, жаноб Аҳмедовга 3 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбурияти давлат зиммасига юклансин. 4-банд: Талабномадаги бошқа сўровлар рад этилсин.

5-банд: Бу қарор жаноб Муҳсинжон Аҳмедовга етказилсин.

--------------------------------------------------------------

Аҳмедов айбловни тан олмаган

Аҳмедов, 2022 йил майда Францияда туриб Озодликка берган интервьюсида, Ўзбекистонга қайтарилса, албатта қамоққа ташланишини айтган ва ватанини нега тарк этганини сўзлаб берганди:

“Ёз эди. Рўза ойи. Соат эрталабки 5 да учта мелиса уйимга келди. Қўлида тинтувга ҳужжати йўқ. Лекин тинтув қилишди, ҳеч нарса чиқмади. Барибир олиб кетишди, қийнашди. 3 кундан кейин қўйворганда, ҳамма ёғи тоза деб экспертиза, беришди. Кейин мен буларнинг устидан юқорига ариза ёзиб, ҳаққимни талаб қилишни бошладим”.

Иддао қилишича, ҳибсдан чиққач Муҳсинжон қийноққа солинганидан шикоят қилиб ИИВ, Омбудсман, ДХХ ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилган.

“Шундан кейин ўч олиш ниятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари, ўч олиш учун янада катта жиноятларни бўйнимга илишди. Мен айбловни бўйнимга олмайман, мен ҳеч нарса қилмаганман. Ҳунарманд, ишда бўлсам. Мен устидан ёзганимга террорчи қилиб қўйишди”.

Асли уй жиҳозлари ясовчи ҳунарманд уста эканини айтган Аҳмедов, қисқа муддатли ҳибс ортидан 2016 йилда Ўзбекистонда ноқонуний айбловлар билан қидирувга берилганини даъво қилганди.

Қуйидаги видеода унинг ҳикоясини тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Эндиликда таҳририят қўлга киритган суд ҳужжатларига кўра, Муҳсинжон Аҳмедов 2016 йил 20 апрель куни Қўқон шаҳар суди чиқарган қарор билан қидирувга берилган. Аҳмедов Озодликка берган интервьюсида ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этганди:

“Мен айбловни бўйнимга олмайман, мен ҳеч нарса қилмаганман. Ҳунарманд, ишчи бўлсам. Мен устидан ёзганимга террорчи қилиб қўйишди. Ҳаводан олиб ёзаверасизларми? Одамнинг ҳаёти ўйинчоқми?” деганди Муҳсинжон Аҳмедов, 2022 йилда Озодликка берган интервьюсида.

Аҳмедовнинг онаси 60 яшар, олий маълумотли педагог Ҳакимахон Юнусалиева ҳам унинг айбсизлигини даъво қилган.

Аёлнинг айтишича, ўтган йили 15 ноябрь куни Тошкент аэропортига тушиши билан ўғлининг қўлига кишан солиб, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар ИИБга олиб боришган ва ўшандаёқ ҳибсга олишган:

“15 ноябрь куни эрталаб қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Олсам ўғлим экан: "Мен аэропортдаман аяжон. Мендан хавотир олманг, яхшиман" деди. Кейин бир нотаниш телефондан биттаси қўнғироқ қилиб: "Ўғлингиз Қўқонга кетяпти хола, Тошкентга келиб овора бўлманг экан", деб телефонни қўйиб қўйди. Қўқондаги ИИБга бориб кутдим, қўлига кишан солиб олиб келишди. Мен узоқдан кўриб, олдига бордим, лекин гаплаштиришмади. "Холажон, мумкинмас" дейишди, ўғлимни ичкарига олиб кириб кетишди".

Яқинлари Муҳсинжон Аҳмедов Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг фақат бир кез Озодлик билан мулоқотга чиқди, сўнгра алоқани тамоман узди. Айни пайтда уларнинг Аҳемдовга нисбатан суд ҳукмига муносабати қандай ҳамда уни кўриб туришибдими - бу ҳақда Озодликда маълумот йўқ.

“Франциядан қайтарилган илк ўзбек”

Аҳмедов Францияда устачилик қилган, ўтган йили оиласи унинг иш вақтида олинган видеоларини Озодликка тақдим қилганди. Бундан ташқари, у Францияда қаҳрамон сифатида ҳам матбуот тилига тушган.

2020 йил апрелида Франциянинг Ил-де Франс минтақасидаги Монтеро шаҳрида содир бўлган кучли ёнғинда, яна 3 қочқин билан бирга у, бир кексанинг ҳаётини сақлаб қолганди.

Бу воқеа ўша пайтда Франция матбуотида катта шов-шув бўди. 4 қаҳрамонга Монтеро мэри Жэймс Шэрон “Монтеро фахрий медали”ни ҳам тақдим қилган. Бу 4 қочқинга сиёсий бошпана бериш сўрови билан эълон қилинган петицияни қарийб 30 мингга яқин одам имзолаган.

Франциядан сиёсий бошпана кутаркан, Аҳмедовнинг кутилмаганда Ўзбекистонга депортация қилиниши, унинг ҳимояси билан шуғулланган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаевага кўра, халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилишидир.

Боиси, айнан Аҳдемовни юртига қайтармаслик ҳақида Европа судининг 2 та қарори бор, чунки Ўзбекистон ҳануз маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланиладиган давлатдир.

Аҳмедов ўтган йилнинг 14 ноябрида, президентлар Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда ўтган икки кунлик тантанали учрашувидан ҳеч қанча ўтмай, Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинган.

Фаоллар, юртида диний мотивларда айбланган қочқиннинг Франциядан, қийноқ қўлланадиган Ўзбекистонга қайтарилишини - халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши демоқда ҳамда бунинг оғир оқибатларидан огоҳлантириб келади.

Ҳозирда Европадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 4 ташкилот, жумладан Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Аҳмедов ишини кузатмоқда.

Тез орада улар, бу ишни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига тақдим қилиш ҳаракатида, дейди Надежда Атаева:

“Муҳсинжон Аҳмедов иши - Интерпол механизмининг суиистеъмол қилинаётганига яққол мисолдир. Бу ишда, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бошқа давлатлардаги ҳамкасбларига ёлғон маълумот бераётганини исботловчи далиллар етарли. Бу иш доирасида француз, немис ва эстон махсус хизматлари янглиш йўлга солинди. Бу ҳолатдан Аҳмедовнинг Франциядаги адвокати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва БМТнинг террорга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича махсус маърузачиси албатта хабардор қилиниши керак”.

Надежда Атаева ҳозир Францияда бошпана сўрови рад этилган ва тақдири мавҳум қолаётган Муҳсинжон Аҳмедов каби диндор қочқинлар талай эканини айтади.

2016 йилда президентликка келгач, ўзини ислоҳотчи сифатида дунёга тақдим қилган президент Шавкат Мирзиёевнинг ваъдалари аввалига Ғарбда ҳам олқишлар билан қарши олинди. Хусусан, Франция билан Ўзбекистон ўртасида борди-келди қуюқлашди. Шавкат Мирзиёев 2018, 2023 йилларда Францияга борди. Эммануэль Макрон эса 2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлди.

Бу учрашувлар асносида икки давлат ўртасида энергетика соҳасида, расмий рақамларга кўра, қиймати 10 миллиард евродан ортиқ келишувлар имзоланган. Франциянинг муқобил энергия ишлаб чиқарувчи корхоналари Ўзбекистонга кирмоқда. Франция эса Ўзбекистоннинг уранига харидор бўлмоқда.

Фаолларга кўра, бундай сиёсий-иқтисодий мулоқотлар илиқлашуви фонида, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, судлов тизими, ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупция каби қатор муаммоларга Ғарб ҳукуматлари аста-секин кўз юмаётгани кузатилмоқда. Ўзбекистонда ҳануз судловнинг одил бўлишига ишонмаганлар эса кўпаймоқда. Буни вақтида Муҳсинжон ҳам Озодликка айтган.

Муҳсинжон Аҳмедов каби юртга қайтишга қўрқиб юрган, Ўзбекистонда эса турли жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган ўзбекистонликлар аниқ сони Озодликка маълум эмас.

Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган Ислом Каримов даврида, диний-сиёсий мотивларда айбланиб, қидирувга берилган ўзбекистонлик кўп бўлди ва уларнинг аксари ҳануз хорижда, кўпроқ Европа давлатларида.

Бундай фуқаролар одатан, Жиноят кодексининг терроризм, давлат тузумини ағдариш, тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик, контрабанда, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинади. Уларга нисбатан очилган жиноят ишлари ҳануз маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг столларида турибди.

“Муҳсинжон Аҳмедов ҳикояси жамоатчилик орасида катта резонанс қўзғатган бўлса-да, Ўзбекистон прокуратураси ва суди 2015 йилнинг 4 дан 6 июлига қадар бўлган сўроқлар пайтида қийноқ қўлланганига оид аризаларни инобатга олмади. Бу факт Ўзбекистон ҳануз қийноқлардан ҳуқуқий ҳимояни таъминловчи миллий самарали механизмни ишлаб чиқмаганини кўрсатади. Қийноқларга оид ишлар Ўзбекистонда танланган ҳолатлардагина қайта кўрилади, бу муаммога системали ёндашув йўқ. Қийноқларга оид ишларнинг эса муддати бўлмайди”, дейди Надежда Атаева.

Европадаги фуқаролик жамияти вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасида катта ислоҳотларни ваъда қилган президенти Шавкат Мирзиёев, ватанига қайтолмаётган минглаб ўзбекистонлик тақдирини зудлик билан ҳал қилиши лозим, демоқда.

Фаоллар, кетма-кет икки урушга гувоҳ бўлаётган дунёдаги вазият қанчалик таранглашмасин, Ғарб ҳукуматлари Ўзбекистон каби давлатлар билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги прициплардан тоймаслиги керак, акс ҳолда бу айнан Ўзбекистон мисолида, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда.