Иқтисодий соҳага ихтисослашган Bloomberg агентлиги Франция президентининг 1 ноябрда Қозоғистонга ва 2 ноябрда Ўзбекистонга қиладиган сафарини шарҳлар экан: “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”, деган хулосага келган.
Хабарда таъкидланишича, Париж табиий захираларга бой Қозоғистон билан тиғизроқ ҳамкорликни истайди ва айни пайтда Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.
“Шунинг учун ҳам Эммануэль Макрон шу ҳафтада энергетика захираларига бой Ўрта Осиёга йўл олади, уран билан мамлакат ядровий реакторларини таъминлайдиган Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади”, дейилади хабарда.
Агентликнинг Франция президенти нуқтаи назари билан таниш бўлган икки манбага таяниб ёзишича, сафардан асосий мақсад Франция энергетик хавфсизлигини кучайтиришдир.
Бу икки давлат билан ҳамкорликдан кутилаётган натижа эса Европанинг Россия энергетика ресурсларидан қарамликни озайтириш сиёсатига мос келади.
Франция Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, ўтган йили Қозоғистон Францияга уран етказиб берувчи йирик давлатга айланган. Бундан ташқари Қозоғистон Францияга нефть етказувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилда Қозоғистон Францияга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасида эди.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Франциянинг уран бўйича асосий таъминотчиси ҳисобланади.
Москвада нашр этиладиган "Коммерсантъ" нашри 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини деярли уч баробарга оширгани ва 441 тонна уран сотгани ҳақида хабар берган эди.