Франциядаги суд Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳибсда қолиш муддатини 48 соатга узайтирди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги терговга яқин манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Агентлик ҳибс муддати кўпи билан 96 соат давом этиши мумкинлиги, бу муддат ўтганидан кейин эса судья ё Дуровни озод қилиши, ёки тадбиркорга нисбатан айблов эълон қилиши лозим бўлишини қайд этган.
Telegram асосчисининг ҳибс муддати узайтирилиши мумкинлиги ҳақида Bloomberg агентлиги ҳам ёзиб чиққан. Қайд этилишича, Франция қонунларига мувофиқ ҳибс муддати фақат бир мартагина узайтирилиши мумкин.
Telegram асосчиси Павел Дуров Париждаги Ле-Бурж аэропортида қўлга олингани ҳақида 24 август оқшомида маълум бўлганди. Франция нашрлари хабарига кўра, Дуров ўша куни сўроқ қилиниб, ҳибсга олинган. Тадбиркор Францияга хусусий учоқда Озарбайжондан учиб келган эди. Бу борада Франция расмийлари ҳали бирор расмий изоҳ берганича йўқ.
25 август куни Telegram командаси Парижда мессенжер асосчиси Павел Дуров қўлга олинганидан кейин илк баёноти билан чиққанди.
Telegram блоги орқали ёйинланган баёнотда ширкат бош директори Дуровнинг яширадиган нарсаси йўқлиги, у Европа бўйлаб тез-тез саёҳат қилиши, Telegram эса рақамли хизматлар дохил Европа Иттифоқининг қонунларига риоя қилиши айтилган.
“Платформа ёки унинг соҳиби бу платформадаги суиисътемол учун жавобгар эканини иддао қилиш бемаъниликдир”, дея урғуланган якшанба куни тарқатилган баёнотда. Унда дунё бўйлаб қарийб миллиард нафар фойдаланувчи Telegram мессенжеридан алоқа воситаси ва муҳим ахборот манбаи ўлароқ фойдаланиши ҳам айтилган.
Россиядаги давлатга қарашли ТАСС ахборот агентлиги якшанба куни Дуров иши топширилган Париж прокуратураси матбуот учун 26 август куни баёнот беришни режалаётганини хабар қилган.
France-Presse агентлиги эса ўз манбаларига таянган ҳолда Павел Дуров тез орада суд қаршисига чиқиши ҳақида хабар берган. Агентлик Дуровни ҳибсга олиш учун ордер Франциянинг Вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятларга қарши кураш бошқармаси (OFMIN) томонидан берилганини қайд этган. Ордер товламачилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, киберхатар, уюшган жиноятчилик ва терроризм ташвиқоти каби муҳтамал ҳуқуқбузарликлар бўйича дастлабки тергов доирасида берилган. Дуров ўз платформасидан жиноятчилик йўлида фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чора кўрмаганликда айбланмоқда. “Telegram’нинг жазосиз қолишига чек қўйилиши”, деган терговчилардан бири France-Presse агентлигига. У Дуровнинг ўзи қидирувга берилганини била туриб, Парижга учиб келганидан ҳайрон қолганини билдирган.
TF1 манбалари ҳам Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Дуровни мессенжер яратувчиси сифатида гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, болаларга қарши жиноятлар ва товламачиликка кўмаклашаётганликда гумонлаётганини маълум қилишган. Телеканал маълумотига кўра, Дуровга нисбатан аввалроқ берилган ордер тадбиркор Франция ҳудудига кириши билан кучга кирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласи Мария Захарова 25 август куни “РИА Новости” агентлигига Россия томони Павел Дуров билан учрашиш талаби билан нота йўллагани, бироқ Париж унинг Франция фуқаролигини асосий фуқаролик ўлароқ баҳолаётганини билдирган.
Россияда туғилган Дуров Франция фуқаролигини 2021 йилда олган. Сўнгги пайтларда у асосан Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилиб келган, Telegram офиси ҳам шу мамлакатда жойлашган. Россияни эса тадбиркор тақрибан 10 йил муқаддам тарк этган.
Дуровнинг қўлга олинганига оид хабар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. “Агентство” нашри Россия пропагандаси миллиардернинг ҳибсга олинишидан феълан ўз мақсадлари йўлида фойдаланганини қайд этган. Дуровнинг ҳибсга олиниши россиялик қатор расмийлар томонидан танқид қилинган. Улар Франция ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар расмийларини цензурада, “қўш стандартлар”да ҳамда русофобияда айблашмоқда.