Франция парламентининг қуйи палатасига муддатидан олдин сайловнинг биринчи босқичида ўта ўнгчи қарашга эга бўлган “Миллий бирлашув” олдинда бормоқда. Президент Эммануэль Макрон тарафдорлари сўл қарашдаги “Янги халқ жабҳаси” коалициясидан кейин учинчи ўринда боряпти. 30 июнь оқшомида сайлов участкалари ёпилганидан кейин эълон қилинган экзит-пол натижалари ана шундай.
Ipsos, Ifop, OpinionWay and Elabe ширкатлари томонидан олиб борилган сўров натижаларига мувофиқ, Марин Ле Пен билан Жордан Барделл етакчилигидаги “Миллий бирлашув” 34 фоиз атрофида, “Янги халқ жабҳаси” 29 фоиз атрофида, Макрон тарафдори бўлган марказчилар эса 23 фоизгача овоз олишлари мумкин.
Бу рақамларга муносабат билдирар экан, Макрон 7 июль куни бўлиб ўтажак иккинчи босқичда парламентда ўта ўнгчилар кўпчиликка айланишига йўл қўймаслик учун “демократик ва республикачи кучлар”нинг кенг кўламли коалициясига чақирди.
Францияда сайловлар мажоритар тизим бўйича икки босқичида ўтказилади, яъни 577 та округ бўйича номзодлар партия рўйхати бўйича эмас, балки якка тартибда сайланади. Биринчи босқичда ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиш лозим. Иккинчи босқичга округдаги сайловчилар умумий сонининг 12,5 фоизидан кам бўлмаган овоз йиққанлар чиқади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 577 та округ бўйича биринчи босқичдаёқ 65 нафардан 85 нафаргача депутат (шу жумладан Марин Ле Пен) сайланиб бўлган. Иккинчи босқичга ўнг ва сўл қарашдаги 400 га яқин номзод ва Макрон тарафдори бўлган 300 га яқин номзод ҳамда бошқа партияларнинг ўнлаб вакили чиққан. Иккинчи босқичда аксарият округларда уч нафардан номзод бўлади. Бунда кўп нарса ўта ўнгчиларга қарши турган турли сиёсий кучлар номзодларининг бир-бирлари билан келиша олишига боғлиқ бўлади. Ҳозирча эса сўровлар ўта ўнгчилар парламентда кўпчиликни ташкил этиб, ҳукуматни шакллантириш имкониятига эга эканини кўрсатмоқда.
“Демократия ўз сўзини айтди ҳамда францияликлар Макрон лагерини феълан ер билан яксон қилиб, “Миллий бирлашув” ва иттифоқчиларини биринчи ўринга қўйдилар”, дея билдирган Марин Ле Пен ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида.
“Бир ҳафтадан кейин Жордан Барделл бош вазир этиб тайинланиши учун биз мутлақ кўпчиликка эга бўлишимиз керак”, дея қўшимча қилган у.
Кечаги сайловда давомат сўнгги 40 йил ичида энг юқори бўлиб, 60 фоиздан ошган.
Парламент сайловидан олдин ўтказилган ижтимоий сўровлар унда “Миллий бирлашув” лидерлик қилиши мумкинлигини кўрсатган. Уч ҳафта муқаддам бу коалиция Францияда Европарламентга сайловда ғалаба қозонган эди. Айнан ўша пайтда президент Эммануэль Макрон мамлакатда парламент сайлови ўтказилишини эълон қилган.
Макрон ўз қадамини мамлакатдаги сиёсий вазиятни “аниқлаштириб олиш” истаги билан изоҳлаган.
“Президент танқидчилари Макрон мамлакатни оқибати номаълум бўлган кучли сиёсий инқирозга олиб борди, деб ҳисоблайди”, дея қайд этган Франция халқаро радиоси.