Францияда коронавирусга қарши кураш доирасида 16 январдан бошлаб кечки соат 18.00 дан тонгги соат 6.00 гача бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий қилинади. Бу ҳақда Франция бош вазири Жан Кастекс маълум қилган. Аввалроқ 25 та департаментда комендантлик соати жорий этилганди.
Чеклов чоралари камида 15 кун давом этади. Мазкур чоралар Британияда коронавируснинг янги штамми пайдо бўлгани ва хасталик тез тарқалаётгани билан боғлиқ равишда киритилмоқда.
Шу йил 18 январидан Шенген ҳудудига кирмаган мамлакатлардан Францияга келаётганларнинг ҳаммасидан COVID-19 га топширилган тест манфий чиққани ҳақида ҳужжат талаб қилинади, бундай ҳужжат тақдим этганлар бир ҳафта карантинга йўлланиб, кейин улардан қайта тест олинади.
Францияда фуқароларни Pfizer/BioNTech ва Moderna вакциналари билан эмлаш жараёни бошланган. Бироқ декабрь ойи охиридан бери 140 минг нафар одамгина эмловдан ўтган.
Пандемия бошидан бери Францияда COVID-19 га чалинганлар сони 3 миллион нафарга яқинлашиб қолган, қурбонлар сони эса қарийб 70 минг нафарга етган.