АҚШ Федерал қидирув бюроси 15 сентябрь куни Флорида штатининг Вест-Палм-Бич шаҳридаги гольф майдонида содир бўлган отишма бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Ўша пайтда АҚШ собиқ президенти ва республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп ўша ерда бўлганини билдирган терговчилар сиёсатчига нисбатан суиқасднинг олди олинганини айтишмоқда.
Қайд этилишича, суиқасдда гумонланган шахс ушланган. Матбуот хабарларига кўра, қўлга олинган шахс 58 ёшли Раян Рут бўлиб, у аввал бир неча марта ҳуқуқбузарлик содир этгани маълум.
Рут 2023 йилда The New York Times газетасига интервью бериб, собиқ афғон армияси аскарларини Украина Қуролли Кучларида хизмат қилиш учун ёллашга ҳаракат қилгани ва 2022 йилда бир неча ой Украинада бўлгани ҳақида гапирган.
Гумонланувчининг суиқасдга ундаган сабаб нима экани ҳозирча номаълум. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда у ижтимоий тармоқларда Дональд Трампни дастаклаши ҳақида ёзиб келган, бироқ сўнгги пайтларда Жо Байден ва Камала Ҳаррис тарафдорига айланган.
Суиқасднинг махфий хизмат агенти гольф майдонини ўраб турган буталар орасидан автомат тумшуғи чиқиб турганини кўргач, ўша томонга огоҳлантирувчи ўқ узгани ортидан олди олинган. Дональд Трамп ўша пайтда тўрт юз метр нарида гольф ўйнаётган эди. Гумонланувчи машинада қочишга уринган, бироқ тез орада гувоҳлар кўмагида қўлга олинган. Буталар орасидан ярим автоматик мерганлар милтиғи ҳамда видеокамера топилган.
Бунинг ортидан АҚШдаги бир неча ОАВнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари ҳодиса собиқ президентга суиқасдга уриниш ўлароқ тергов қилинаётганини тасдиқлашган.
Дональд Трамп ўз тарафдорларига ёзган электрон хатида ҳаёти учун хавф йўқлиги, ўзини яхши ҳис қилаётган ва “ҳеч қачон таслим бўлмаслиги”ни билдирган.
Трампнинг президентлик пойгасидаги рақиби, вице-президент Камала Ҳаррис “Америкада зўравонликка жой йўқ” дея баёнот берган. АҚШ президенти Жо Байден эса собиқ президент хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча ресурсларни ажратиш ҳақида топшириқ берган.
Дональд Трампга қарши 13 июль куни Пенсилваниядаги сайловолди ташвиқоти митинги чоғида ҳам суиқасд уюштирилган бўлиб, ўшанда у қулоғидан енгил жароҳат олган эди. Ўшанда суиқасдни уюштирган Пенсильвания штатида яшовчи Томас Мэттью Крукс экани айтилган, бироқ у отиб ўлдирилгани учун суиқасдни нима сабабдан уюштиргани номаълумлигича қолган. Крукс отиб ўлдирилишидан олдин митингга ташриф буюрганлардан бирини ўлдиришга ва яна бир неча кишини яралашга муваффақ бўлганди.