Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонни яна эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритди. Ташкилотнинг 2024 йил учун эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 100 баллдан 12 балл олди.
Freedom House рейтингида мамлакатдаги эркинлик даражаси сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик ҳуқуқлари омили билан баҳоланади. Ўзбекистон сиёсий ҳуқуқлар бўйича 2 балл, фуқаролик эркинликлари бўйича 10 баллга сазовор бўлди.
Ўзбекистон 2023 йилги рейтингда ҳам айнан мана шундай кўрсаткичга эга эди.
Рейтингда Тожикистон - 5 балл (эркин эмас), Туркманистон - 2 балл (эркин эмас), Қозоғистон - 23 балл (эркин эмас), Қирғизистон - 27 балл (эркин эмас), Беларусь - 8 балл (эркин эмас), Россия - 13 балл (эркин эмас), Украина — 49 балл (қисман эркин) тўплаган.
Рейтингда Финляндия 100 баллга баҳоланиб, дунёнинг энг эркин мамлакати қатори эътироф этилган. Ундан кейинги ўринларни 99 балл билан Янги Зеландия ва Швеция эгаллади.
Дунёнинг энг эркин бўлмаган ҳудуди сифатида 0 балл Тибет ва 1 балл билан Сурия ва Жанубий Судан қайд этилди.
Freedom House ўз ҳисоботида дунё бўйлаб эркинлик даражаси кетма-кет 18 йилдан бери сусайиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йил давомида 52 та давлатда пасайиш кузатилган, фақат 21 та давлатда яхшиланиш қайд этилган.
Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирганди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.