Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Freedom House ташкилоти 2020 йилда коронавирус пандемияси, иқтисодий ноаниқлик ва можаролар туфайли глобал миқёсда эркинлик кўрсаткичи пастлаганини маълум қилди.
Ташкилот 3 март куни эълон қилган йиллик ҳисоботда «эркин эмас» деб белгиланган мамлакатлар сони сўнгги 15 йил ичида қайд этилган энг юқори даражага кўтарилгани айтилади.
Ҳисоботда Қирғизистон ва Беларусь сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари бўйича энг катта йўқотишлар кузатилган давлатлар қаторига киритилди. Айни пайтда Шимолий Македония энг катта ютуқларга эришган мамлакатлар сафидан ўрин олди.
Бу йилги ҳисоботда 73 мамлакат, шу жумладан, нафақат Хитой, Беларусь ва Венесуэла каби авторитар давлатлар, балки АҚШ ва Ҳиндистон сингари «нотинч демократик давлатларнинг» эркинлик кўрсаткичлари пасайтирилди.
2020 йилда «демократия ҳимоячилари авторитар рақибларига қарши курашда оғир йўқотишларга йўлиқдилар ва халқаро мувозанат зулм фойдасига ўзгарди», дейилади ҳисоботда.