Қирғизистондаги автоаварияда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг уч ходими ҳалок бўлди

FSB Logo

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида 26 июлга ўтар кечаси Россия Федерал хавфсизлик хизматининг уч нафар ходими автоавария оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар берди.

Россиянинг Ўшдаги консулхонаси MediaHub журналистик суриштирувлар марказига ҳалок бўлган уч киши Россия фуқароси эканлигини ва Федерал хавфсизлик хизмати қошидаги чегара хизмати ходимлари бўлганини тасдиқлади.

Расман билдирилишича, Hyundai SantaFe автомашинасини тунда бошқариб бораётган Россия фуқароси соатига 150 километр тезликда кетаётиб бошқарувни эплай олмай қолган ва реклама баннери устунига бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи ва автомашинадаги икки йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Мазкур ҳодиса юзасидан милиция текширув ўтказмоқда. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Россия Федерал хафсизлик хизмати чегара хизматининг оператив гуруҳи фаолият кўрсатади.