Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Қрим кўпригидаги портлаш ташкилотчисини топганини айтмоқда. Россиялик чекистлар иддаосича, бу одам Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановдир.
ФСБ кўприкдаги “террор хуружини тайёрлашда иштирок этган” яна 12 кишининг шахси аниқланганини, улардан 8 нафари қўлга олинганини билдирган.
“Ҳозирги пайтда жиноят иш доирасида жиноятни ҳозирлашда иштирок этган Россиянинг беш фуқароси, Украина ва Арманистоннинг уч фуқароси ушланган”, дейилган Россия Федерал хавфсизлиги хизмати жамоатчилик билан алоқалар маркази томонидан тарқатилган хабарномада.
ФСБ иддаосига кўра, портлаш мосламаси плёнка ўрамлари орасига яшириб қўйилган бўлган, портловчи модда эса Одессадан Болгария, Грузия ва Арманистон орқали Қримга йўлланган.