FT: Россия Европада қўпорувчилик ҳаракатларини уюштириши мумкин

Берлиндаги Diehl қурол-аслаҳа ширкати ҳудуди, 2024 йил 3 майи

Европа махсус хизматлари ўз мамлакатлари ҳукуматларини Ғарб билан доимий зиддият йўналиши танлаган Россия Европада қўпорувчилик ҳаракатларини ҳозирлаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришган. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар қилди.

Разведка вакиллари маълумотларига кўра, Москва фаол равишда портлаш, ўт қўйиш ва инфратузилмаган шикаст етказишларни тайёрламоқда, бу ҳаракатлар бевосита россияликлар томонидан ҳам, воситачилар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундай мулоҳазани, жумладан Германия конституцияни қўриқлаш федерал муассасаси раҳбари Томас Ҳалденванг билдирган.

Ҳалденванг баёноти Баварияда ҳарбий ва логистик объектларга ҳужумда гумонланган германиялик ва россиялик фуқаролар ҳибсга олингани манзарасида янграган.

Financial Times апрель ойи охирида Буюк Британияда икки киши Украина учун гуманитар юк сақланаётган омборга ўт қўйишда айблангани ҳақида ҳам ёзган. Британиялик прокурорлар айбланувчилар Россияга алоқадор, деб ҳисоблайдилар.

Франция Мудофаа вазирлиги ҳам мамлакатдаги ҳарбий объектларда Россиянинг муҳтамал қўпорувчилик ҳаракатларидан огоҳлантирган.

Европа мамлакатларидан бирининг юқори лавозимли мулозими Financial Times билан суҳбатда НАТО хавфсизлик хизматларига Россиянинг мувофиқлаштирилган “ишонарли кирдикорлари” ҳақида маълумотлар тушиб турганини урғулаган.

Ўз навбатида, разведка ҳамжамияти вакили журналистлар билан суҳбатда Россиянинг бу фаоллиги дезинформация, қўпорувчилик ёки ҳакерлик ҳужумлари ёрдамида Европага максимал даражада босим ўтказиш уринишини акс эттиришини қайд этган.

Россия хатти-ҳаракатлари туфайли Европадаги хавфсизлик хизматлари юқори ҳозирлик даражасига келтирилган, дейилган нашр мақоласида. Бунга, жумладан Британия Уэльсидаги BAE Systems ўқ-дори заводида апрель ойида содир бўлган портлаш ҳамда Берлиндаги Diehl қурол-аслаҳа ширкати заводида 3 май куни содир бўлган ёнғин сабаб бўлган. Бу корхоналарнинг иккаласи ҳам Украина армияси учун қурол-аслаҳа ишлаб чиқаради.