АҚШ Федерал тергов бюроси ўтган ойда Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида кўплаб томошабин ўлимига сабаб бўлганга ўхшаш мувофиқлаштирилган террор ҳужуми эҳтимолидан хавотирда. Бу ҳақда Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рэйнинг АҚШ Конгресси қуйи палатаси қўмитасида 12 апрель куни тингланажак ҳисоботи матнида айтилган.
“Ҳуқуқ-тартибот органларидаги бутун фаолиятим давомида бир вақтнинг ўзида миллий ва жамоат хавфсизлиги учун бу қадар кўп хавф-хатар юзага келган вақтни эслашим қийин”, дея урғулаган Рэй.
Қўшма Штатлар расмийлари Исроил ва ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасидаги уруш қабатида кучайган кайфият билан боғлиқ равишда аҳолида одам ёки кичик гуруҳ томонидан уюштирилажак муҳтамал ҳужум хавфидан анчадан бери хавотирланиб келишади, деб ёзган “Америка овози”. Бироқ Рэй ҳисоботи матнида “Крокус”даги терактга ўхшаш ҳужумдан тобора кучайиб бораётган хавотирлар ҳақида сўз боради. Мазкур теракт учун жавобгарликни “Ислом давлати” террор гуруҳининг Афғонистондаги бўлинмаси – “Вилояти Хуросон” ўз зиммасига олган эди.
“Америка овози” қайдича, Рэйнинг мақсади қонун чиқарувчиларни гумонланувчилар устидан кузатув дастури муддатини узайтиришга ишонтиришдир. Мазкур дастур муддати жорий ойда тугайди. Дастурдаги айрим ўзгартишларга 11 апрель куни Вакиллар палатасида эътироз билдирилган эди. Ҳар икки палатадан бўлган депутатлардан бир қанчаси таклиф қилинган чора-тадбирлар ҳукуматнинг бу соҳадаги ваколатларини етарли даражада чекламаслигини иддао қилишмоқда.
Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча одам “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиши кутилаётган Москва четидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига бостириб киришиб, у ерга йиғилган томошабинларни ўққа тутган ва кейин залга ўт қўйган эди. Юзага келган кучли ёнғин натижасида бино томи ўпирилиб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур теракт чоғида 144 киши ҳалок бўлган.
Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа давлатлар бу тахминни ҳақиқатга энг яқин деб ҳисоблайдилар.
Россия расмийлари концерт залидаги терактга Украина алоқадор бўлиши мумкин, деган фикрда. Киев буни қатъиян рад этмоқда.
Еттинчи март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвада террор хуружлари хавфи борлигидан огоҳлантирган. Ўша пайтда ҳужум “яқин икки сутка ичида” амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилиб, америкалик фуқароларга одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслик тавсия этилганди. Кейинроқ яна бошқа бир неча мамлакат ҳам ўз фуқаролари учун АҚШ элчихонасиникига ўхшаш огоҳлантирув тарқатган.