Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион доллар эквивалентида сармоя киритган жисмоний шахсга ёхуд таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига соддалаштирилган тартибда фуқаролик берилиши мумкин. Бу борадаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 8 ноябрдан 23 ноябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада давлат бошқаруви органларига ушбу қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаш кўрсатмаси ҳам назарда тутилган.
Расман айтилишича, қонунда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги оширишга, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишга ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади.
Амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда яшайдиган ва Ўзбекистон фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга, тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлган, Ўзбекистон Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ва давлат тилини қонунчиликда белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билган шахсларга соддалаштирилган тартибда фуқаролик берилиши белгиланган.