Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 29 августга ўтар кечаси ўрмон ер майдонларида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот тарқатди.
Хабарномада ёнғинга оид хабар ФВБ тезкор бошқарув марказига тунги соат 00:35 да келиб тушгани, у ерга 3 та ёнғин-қутқарув экипажи, 30 нафар қутқарувчи ҳамда Бурчмулло ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилингани айтилган.
ФВБ вакилларига кўра, ёнғин Бурчмулло ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда 1,5 гектар майдонда юзага келган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 01:50 га бориб тўлиқ бартараф қилишга муваффақ бўлишган.
“Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилган Тошкент вилояти ФВБ хабарномасида.
Бўстонлиқдаги тоғда ("Бочка" ҳудудида) катта майдон аланга ичида қолгани акс этган видеолар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.