ФВВ Чимён ҳудудида қор кўчкиси хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жорий йилнинг 9 февраль куни соат 08:00 дан 10 февраль куни соат 08:00 гача қор кўчиши хавфи мавжудлиги ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик шу муносабат билан фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш ва “Диққат! Қор кўчиши хавфи мавжуд” белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўраган.

Чоршанбага ўтар кечаси Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, жумладан пойтахт Тошкентда лайлакқор ёққани тўғрисида аввалроқ ижтимоий тармоқларда хабар ва видеолар тарқалган.

Тоғли ҳудудларда 9 февраль куни ёғингарчилик бўлиши, туман тушиши ва қор кўчиши хавфи борлигини Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ҳам тасдиқлаган.

Ўзгидромет тахминига кўра, бугун мамлакатнинг аксар ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ва қор ёғади, айрим жойларга туман тушиши мумкин.