Жорий йилнинг 10 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари чоғида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлик қайдича, тўғондаги авария оқибатини бартараф этиш мақсадида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб бориляпти.
ФВВ сув омборига шикаст етмагани, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмагани ва ҳалок бўлмаганини билдирган.
Вазирлик хабарномасида ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, вазият тўлиқ назоратга олингани урғуланган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Ҳисорак” сув омбори тўғонида ёриқ пайдо бўлганига оид хабар ортидан аҳоли орасида ваҳима бошлангани, тўғон яқинидаги одамлар уй-жойларини ташлаб чиқиб кетаётганига оид хабарлар тарқай бошлаган эди.