ФВВ Косонсойда сел оқибатида 8 киши нобуд бўлганини очиқлади

Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Косонсой туманида кузатилган сел оқибатида 8 нафар фуқаро вафот этган, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 13 июль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган. Ушбу сел оқимлари 13:35 ларда Наманган вилояти Косонсой тумани “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Косонсой” сойидан оқиб келган.

Вазирлик воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ бошлиқлари, прокуратура органлари ходимлари чиқишгани ҳамда вазият назоратга олинганини билдирган.

Айтилишича, ҳудудда ФВВ қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

“Ҳолат бўйича дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда”, дейилган хабарномада ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар ваколатли органлар томонидан тақдим этилиши урғуланган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наманганда кучли дўл ёққани, Косонсойдаги катта сойга сел келганига оид хабарлар тарқалганди.