ФВВ: “Тахтақорача” довони транспорт ҳаракати учун ёпилди

Иллюстратив сурат

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони кучли қор ёғаётгани туфайли 29 январь куни соат 10:20 дан эътиборан автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда ФВВ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида профилактик ишлар амалга ошириляпти.

Вазирлик довоннинг транспорт ҳаракати учун қайта очилиши бўйича қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқа бир хабарномасида Тошкент шаҳрини Фарғона водийси вилоятлари билан боғлайдиган "Қамчиқ" довонида ҳам қор ёғишда давом этаётгани, ФВВ, ЙПХ ва "Қамчиқавтойўл" ИЙФУК ходимлари ҳамкорлигида йўлни қордан тозалаш, музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва қум-туз аралашмасини сепиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

ФВВнинг қўшимча қилишича, “Қамчиқ”да қутқарувчилар томонидан назорат тадбирлари олиб борилиб, йўлда қолиб кетган ҳайдовчи ва уларнинг автотранспорт воситаларига ёрдам кўрсатиляпти, бироқ довон йўли икки томонлама автомобиллар ҳаракати учун ёпилган эмас