22 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 08:14 ларда Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилишига нима сабаб бўлганини очиқлаган эмас.
Вазирлик қайдича, Тўпаланг ГЭС сув омбор лойиҳаси қуввати 400 миллион метр куб, амалда 378,87 миллион метр кубни ташкил этмоқда. Бу ерда сув ташлаш режага кўра секундига 70 м. кубни ташкил қилиши керак, бироқ чоршанба тонгида сув омборидан сониясига 110 м. куб сув чиқа бошлаган.
“Сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини камайтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон сув қўйиб юборгани, чор-атрофни сув босганига оид хабарлар тарқалган эди.
2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тошқин юзага келган, расмий маълумотларга кўра, бунинг натижасида 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган эди.