Тошкент шаҳар Учтепа туманида ўпирилиш оқибатида “уч киши тупроқ остида қолгани тахмин қилинмоқда”, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Расман билдирилишича, 11 октябрь куни соат 14:21 да пойтахтнинг Учтепа тумани Бешқайрағоч кўчасида оқова сувлар учун котлован қазилаётган пайтда ўпирилиш юз берган. Тахминларга кўра, “тупроқ остида котлованни қазиётган уч ишчи қолиб кетган бўлиши мумкин”.
Хабарда “ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган шаҳар ФВБнинг 2 та қутқарув отряди 16 нафар қутқарувчи томонидан тупроқ остида қолиб кетган фуқароларни қидирув ишлари олиб борилаётгани” таъкидланади.
Воқеа жойига шаҳар ФВБ, ССБ, ИИБ раҳбар ходимлари чиққан. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.