Ғарб БААдан Россия билан савдони камайтиришни талаб қилмоқда

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри манзараси

АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Бирлашган Араб Амирликлари расмийларидан ўз ширкатларига халқаро санкция остидаги Россия ширкатлари билан савдо-сотиқни тақиқлашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги дипломатик доиралардаги уч манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Ўтган ҳафтада Европа ва АҚШдан бўлган қатор давлат арбоблари БААга сафар қилишган. Ўз ташрифлари чоғида улар БААдан Россияга санкция остига тушган товарларни етказиб бермасликни талаб қилишган, дея маълум қилган Британия Ташқи ишлар вазирлигида ишлайдиган мулозим. Манбаларга кўра, ғарблик дипломатлар БААдан Россияга экспорт қилинаётган моллар ва ҳарбий мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган қўш мақсадли товарлар реэкспортига оид маълумотлар билан ўртоқлашишни ҳам сўрашган. Бирлашган Араб Амирликларидаги манбалар Россияга бундай товарлар (йўқ деганда жорий йилда) етказиб берилганини рад этишмоқда.

БАА Украина уруши ортидан Россияга қарши Европа ва АҚШ томонидан эълон қилинган санкцияларга қўшилмаган. Бироқ АҚШ қонунлари Қўшма Штатлар санкцияси остида бўлган давлатлар билан савдо алоқаларини давом эттираётган мамлакатларни иккиламчи санкцияга тортишга имкон беради.

Яқинда Бирлашган Араб Амирликлари банклари иккиламчи санкция хавфи туфайли Россия билан ҳисоб-китобларга чеклов киритган ҳамда ширкатлар ва жисмоний шахсларнинг ҳисобрақамларини ёпа бошлаган эди. АҚШ ва ЕИ санкциясига остига Россияга санкцияларни айланиб ўтган ҳолда суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотлари ташишда ёрдам бераётган БААдаги кемачилик ширкатлари тушиши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин 2023 йил декабрида Бирлашган Араб Амирликларини Россиянинг араб оламидаги асосий савдо ҳамкори, деб атаган ҳамда 2022 йилда Россия билан БАА ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ ҳажми 68 фоизга ошиб, ҳануз кўпайишда давом этаётганини билдирган.

Айни пайтда Бирлашган Араб Амирликлари Украина билан ҳам икки томонлама савдо-сотиқ ишларини юритмоқда. 29 апрель куни Украина ва БАА иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. Мазкур ҳужжатда Украина саноати ва инфратузилмасини тиклаш ишларида Киевга ёрдам бериш бўйича БААнинг мажбуриятлари ҳам акс этган.