Исроилнинг Фаластин ҳудудига йўллаган авиазарбаларидан 16 май куни 33 нафар киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт хизматчилари маълум қилишган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари якшанба тонгида Ғазо шаҳри марказидаги уйларга ҳужум қилганди.
Можаро бошланган 10 май санасидан бери ҳалок бўлганларнинг умумий сони 181 нафарга етган, шундан 52 нафари болалардир. Исроилда эса ҲАМАСнинг ракета зарбалари оқибатида 10 киши, жумладан икки бола ҳаётдан кўз юмган.
Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, БМТ ва АҚШнинг минтақада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш чақириқларига қарамай, фаластинлик жангариларга қарши кампания “қанча керак бўлса, шунча давом этиши”ни айтганди.
Исроил армияси 16 май куни ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбари Яҳё Синварнинг Ғазо минтақасидаги уйига ҳаводан зарба йўлланганини эълон қилди, аммо хабарномада Синварнинг ўлгани ёки тириклиги ҳақида лом-мим дейилмаган.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо минтақасидаги қатор ОАВ, жумладан Американинг Associated Press (AP) хабар агентлиги ҳамда Қатарнинг Al Jazeera телеканали офислари жойлашган баланд бинони вайрон қилган. Бинода 60 га яқин хонадон ҳам бўлган.
10 майдан буён ҲАМАС Исроилга қарата икки мингдан ортиқ ракета отди. ЦАХАЛ эса бунга жавобан жангариларга қарши ҳавода, денгизда ва қуруқликда кенг кўламли амалиётлар олиб бормоқда.