Ғазо секторида “Фурқон” батальони командири Жобир Азиз ўлдирилди

Ғазо турғунлари Исроил зарбаси туфайли яксон бўлган мактаб вайроналари олдида

Исроил армияси 4 август куни ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) вакили Жобир Азиз яширинган бинога зарба берган. Сўнгги йилларда у “Ал-Фурқон” батальонига бошчилик қилган. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар қилди.
Исроил зарбасидан ҲАМАС қўмондонлик-назорат марказида бўлган бошқа яна бир неча киши ўлган. Марказ Ғазодаги “Ҳасан Салама” ва “Носир” мактабларида жойлашган, дея маълумот тарқатди Исроил армияси 5 август оқшомида.

Жобир Азиз “Ал-Фурқон” батальонига 2020 йилдан бери етакчилик қилиб келган, аввалроқ у мазкур батальон командирининг ўринбосари бўлган. Ундан ҳам аввалроқ у “Зайтун” батальони командирининг ўринбосари, кейин эса командири ҳам бўлган.

Жобир Азиз ўтган йилнинг 7 октябрида Исроилга ҳужумни режалаштиришда сезиларли роль ўйнаган ҳамда “Ал-Фурқон” батальонини жангга ҳозирлаш ишига раҳбарлик қилган. Исроилга ҳужум арафасида у Ғазо чегарасига яқин жойдаги ҳудудларда бўлган.

The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, Жобир Азиз Исроил армиясига қарши кўплаб террор зарбалари ва ҳужумларига ҳамда Исроил объектларига қарши бошқа ҳужумларга бошчилик қилган.

“Ал-Фурқон” батальони командирининг йўқ қилиниши ҲАМАС террор ташкилотининг жанговарлигини сезиларли даражада пасайтиради”, дея таъкидланган Исроил армияси баёнотида.

Шу йилнинг 31 июль куни Теҳронда ракета зарбаси натижасида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилган эди. Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси маълум қилган. Исроил армияси вакиллари Исмоил Ҳания ўлими юзасидан изоҳ беришмаган.

Эрон раҳбарияти Ҳания ўлимига жавоб берилишини билдирган. The New York Times нашрининг эронлик уч мулозим сўзларига таянган ҳолда иддао қилишича, Эрон раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилга тўғридан-тўғри зарба беришга ҳозирлик кўриш ҳақида буйруқ берган.