Ғазо секторида ҲАМАС лидерининг уч ўғли ўлдирилди

Исмоил Ҳания

Фаластин ва араб нашрлари 10 апрель куни Ғазо секторида Исроил зарбалари оқибатида ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва Европада террор ташкилоти деб тан олинган) раҳбари Исмоил Ҳаниянинг уч ўғли ва бир неча набираси ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатишди. Бу маълумот Исроил армияси ва хавфсизлик хизмати матбуот хизматлари томонидан ҳам тасдиқланган.

ЦАХАЛ (Исроил армияси) қайдича, Амир Ҳания ҲАМАС ҳарбий қаноти эскадрони командири бўлган. Унинг икки туғишгани Муҳаммад ва Ҳозим Ҳаниялар ҳам гуруҳ командирлари бўлишган.

Исмоил Ҳания ўғиллари ва набиралари ўлимига оид хабарни тасдиқлаган. ҲАМАС раҳбари уларни “шаҳид” деб атаган ҳамда фарзандларининг қони “халқимиздан бўлган исталган бир одамнинг қонидан қимматлироқ эмас”, дея қўшимча қилган.

У “Ал-Жазира” медиакомпаниясига яқинларининг ўлими ҲАМАС раҳбариятини ўз режаларидан чекинишга, жумладан Исроил билан оташкесим тўғрисидаги музокараларга нисбатан ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қилолмаслигини билдирган.

62 ёшли Ҳаниянинг 13 нафар фарзанди бор. ҲАМАС раҳбарининг ўзи Ғазо секторида яшамайди, унинг асосий истиқоматгоҳи Қатар давлатидир.

Ўтган йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳининг Исроил жанубига ҳужумидан сўнг ЦАХАЛ (Исроил армияси) Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган. Фаластинликлар ҳужум чоғида 1200 чоғли одам ҳалок бўлган, 200 дан зиёд исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазога олиб чиқиб кетилган.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил армияси томонидан ўтказилган амалиёт чоғида 30 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган, уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этади. Бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.