Ўзбекистон Қашқадарё вилоятида қурилаётган суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи илк заводини (GTL) жорий йилнинг иккинчи ярмида ишга туширишни режалаяпти. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигига лойиҳа пудратчиси бўлган Enter Engineering ширкати вакиллари маълум қилганлар.
Қиймати 4 миллиард долларга тенг бўлган, йилига 3,6 миллиард куб метр газ ва 1,5 млн тонна ёқилғи ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши айтилаётган заводнинг даставвал 2020 йили ишга туширилиши кўзда тутилганди, аммо коронавирус пандемияси туфайли бу иш кечиккан.
“Covid-19 пандемияси таъсирига қарамай, ҳозирги пайтгача лойиҳа бўйича режаланган ишлардан 95,3 фоизи амалга ошириб бўлинган, заводни ишга тушириш маросимини ўтказиш эса шу йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган”, дея иқтибос келтиради Enter Engineering вакиллари сўзларидан Reuters агентлиги.
Аввалроқ Озодлик ўтган йил 21 октябрида ойлик ва овқат вақтида берилмагани боис Enter Engineering ширкати ишчилари ғалаён кўтаргани, бунинг ортидан 20 нафарга яқин ишчига жиноят иши очилгани, декабрь ойда эса завод қурилишида иштирок этаётган "Nuriston Teks Group" МЧЖнинг ойликларини ололмаган ўнлаб ишчиси иш ташлаш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар қилган эди.