Индонезиянинг Бали оролида “Катта йигирмалик” саммити расман очилмасдан АҚШ президенти Жо Байден билан ХХР раиси Си Цзиньпин ўртасида бўлиб ўтган музокаралар ушбу йирик халқаро сиёсий йиғиннинг энг муҳим воқеаси сифатида кўрилмоқда. Дунёнинг икки қутбни тамсил этувчи икки энг йирик мамлакати лидерлари ўзаро алоқаларда “янги йўналиш” излашга келишиб олдилар. Россия ва унинг Украинага босқини ҳам назардан четда қолмади. Россия президенти Путин саммитга бормаган эса-да, ҳамманинг тилида бўлгани сабабли худди қатнашган каби таассурот қолдирди.
Кремлнинг Украинага босқинини уруш деб аташдан бош тортаётгани саммитда ҳаммага бош оғриғи бўлди, дейиш мумкин. Бу масалада Россия, Хитой ва яна бир неча йирик давлат манфаатлари – воқеаларга нисбатан қатъий позицияга эга Ғарб мамлакатлари нуқтаи назари билан тўқнашди.
Украина урушини деб “Катта йигирмалик”нинг ушбу, ҳисоб бўйича 17-саммити тарихда илк бор якуний қўшма баёнотсиз тугаши мумкин.
Ғарблик қатор сиёсатшуносларга кўра, “Украина – Россия” чизиғи бўйлаб бўлиниш “Катта йигирмалик”нинг мақсадга мувофиқлигини, фойдалилигини бадтар шубҳа остига қўяди. G20 да 24 февралгача ҳам зиддиятлар етарли эди, эндиликда эса уруш туфайли ҳалокатли даражада кенгаяётган озиқ-овқат ва энергетика инқирози қўшилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қолаверса, сўнгги йилларда “Йигирмалик” ичида норасмий “Буюк иккилик” вужудга келди, яъни уни ўз иттифоқчилари ва рақибларига бўлиб олган АҚШ ва Хитой.
Украинага босқин важидан “Йигирмалик”нинг ғарблик аъзолари мезбон мамлакатдан Россияни тадбирга чақирмасликни талаб қилишган эди, бироқ Индонезия президенти Жоко Видодо Кремлга таклифнома йўллади барибир. Шу билан бирга, Украина президенти Зеленский ҳам меҳмон сифатида таклиф этилган эди.
АҚШ ва Ғарб мамлакатлари жорий йилнинг мартидаёқ G20 нинг барча аъзоларига Россия Федерациясини ташкилотда қолдириш керакми ёки йўқлиги хусусида ўйлаб кўриш таклифи билан чиққан эди. Жо Байден ўшанда Россияни G20 дан чиқариш фикрига хайрихоҳлик билдирган бўлса-да, “ҳаммаси “Катта йигирмалик”нинг умумий позициясига боғлиқ”лигини айтган. Аммо Индонезия ҳамда БРИКС гуруҳининг тўрт аъзоси – Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР бунга қўшилмади. Айни шу тўрт давлат G20 доирасидаги тадбирларда ҳам “Москва Украинага ҳужум қилишга гижгижланган бўлишлари мумкин” деган фикрни илгари сурмоқда. Боз устига, уларда АҚШ ва Европага нисбатан “колониал ўтмиш”дан қолган эски гиналар ҳам бор, шу боис Россия-Украина урушида Ғарб тарафини олишга ва Москвага қарши санкциялар жорий этишга ошиқишмаяпти.
Владимир Путин саммитга бормади, Балида Россияни ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тамсил қилди. Президентнинг матбуот котиби буни “Путин Россияда қолишига зарурат туғилган”и билан изоҳлади. Путин G20 тадбирларида онлайн тарзда ҳам иштирок этмади. Аммо Владимир Зеленский саммитга бормаган бўлса-да, видеоалоқа орқали “Катта йигирмалик” лидерлари ҳузурида чиқиш қилди.
ЕИ ва Буюк Британия “Россиянинг барча кирдикорларига жаҳон ҳамжамиятининг муносабатини кўрсатиб қўйиш учун” Россия делегациясининг барча чиқишларини бойкот қилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирди. Ғарб, шунингдек, Москвани урушни тўхтатишга чақириб, ҳар қандай сулҳ музокаралари Украина учун мақбул шартларда бўлиши лозимлигини таъкидламоқда. Британия бош вазири Риши Сунак Балидаги учрашув арафасида Россияни яна бир бор “яккамохов мамлакат” деб атади ва Кремлни жаҳон иқтисодий инқирозини қўзғатишда айблади.
Лавров июль ойида G20 ташқи ишлар вазирлари конференциясида қатнашиш учун Балига келганида ҳам яккаланиб қолиб, учрашувни барвақт тарк этган эди. Олдинроқ, G20 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари йиғилишида эса россияликлар чиқиши чоғида Ғарб мамлакатларининг деярли барча вакиллари залдан чиқиб кетишган. Тадбирда масофадан қатнашаётганлар видеокамераларини ўчириб қўйганлар.
Ушбу саммит арафасида Ғарб ОАВлари Сергей Лавров Балига етиб келиши билан “юраги безовта қилиб” касалхонага тушгани ҳақида хабар тарқатди.
Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова бу хабарни “фейкбозлик чўққиси” деб атаб, кейинроқ тирик Лавровни видеода кўрсатди ҳам. Унда қанақадир бино айвонида хонаки кийим ва тимсоҳ терисидан тикилган туфлида ўтирган Россия ташқи ишлар вазири ўзининг шифохонага тушганига оид хабарларни “сиёсий ўйин” дея таърифлаб, ғарблик журналистларни “тўғри сўзлаш”га чақирди. “Улар 10 йилдан бери бизнинг президентимизни ҳам касал дейишади”, дея қўшиб қўйди Лавров.
Бироқ Бали вилояти губернатори Россия ташқи ишлар вазири якшанба куни ростдан ҳам маҳаллий шифохонада кўрикдан ўтганини ва у ердан “соғ-саломат” чиқиб кетганини билдирди. Лавровнинг ўзи ва Россия ТИВ бу маълумотга изоҳ беришгани йўқ.
Умум фикрига кўра, “Катта йигирмалик”нинг ҳозирча энг муҳим воқеаси – АҚШ президенти Жо Байден ҳамда ХХР раиси Си Цзиньпин ўртасидаги тарихда биринчи юзма-юз музокаралардир. Кейинроқ Оқ уй эълон қилган хабарномада айтилишича, Байден ва Си бошқа масалалар қаторида Россия-Украина урушини ҳам муҳокама қилганлар ва унда ядро қуроли қўлланишига қатъиян қарши чиққанлар. Россия босқини мавзусини айнан АҚШ президенти кўтаргани айтилмоқда.
“Президент Байден ва раис Си ядровий уруш ҳеч қачон бошланмаслиги лозимлигини ва унда ғолиб бўлмаяжагини тасдиқлаб, Украинада ядровий қурол қўлланишига ёки қўлланиши хавфига қарши эканликларини урғуладилар”, дейилади хабарномада. Украинада ядро қуроли йўқ, бинобарин мазкур мурожаат фақат Владимир Путинга қаратилган.
Яна, хабарномага кўра, икки лидер ўзаро алоқалардаги муаммоларни “очиқ-ойдин муҳокама қилишган”. Хусусан, Байден АҚШ Хитой билан рақобатлашажагини, бироқ у билан низолашишга интилмаслигини таъкидлаган. АҚШ президенти Вашингтон иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, глобал иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш каби жабҳаларда Пекин билан бирга ишлашга тайёрлигини билдирган. Бунга жавобан Си Цзиньпин икки мамлакат ўзаро алоқаларида “тўғри йўналиш”ни топиши зарурлигини, зеро “бутун дунё улардан шуни кутаётгани”ни айтган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бундан ташқари, Жо Байден ХХР раиси билан учрашувда Шинжон, Тибет ва Ҳонгконгда инсон ҳуқуқлари риоясига доир вазиятни муҳокама қилган, шунингдек Вашингтон Тайвань масаласида статус-кво ўзгартирилишига қаршилигини уқтирган. Мулоқотни давом эттириш учун АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яқин кунларда Пекинга боради.
Музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Байден ХХР раиси билан “самимий ва очиқча” суҳбат бўлганини айтди. АҚШ президенти Хитой Тайванга бостириб киришга ҳозирланаётгани белгиларини кўрмаётганини ва дунё АҚШ ва Хитой ўртасида “совуқ уруш” бошланишига йўл қўймаслик учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Байден ва Си ушбу мулоқотдан атиги бир неча ҳафта олдин дастурий нутқ билан чиқиб, Қўшма Штатлар билан Хитойнинг ҳарбий, технологик ва сиёсий устунлик учун кураши борасида бир-бирига зид қарашларни баён қилишган эди. Вашингтон ва Пекин муносабатлари бугунги кунда икки супердавлат алоқа ўрнатилган Никсон-Мао давридан бери энг қуйи нуқтага тушган. Бир неча ой бурун ХХР ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиб, Тайванни ва бутун Ғарбни хавотирга солди, Қўшма Штатлар эса Хитойнинг замонавий компьютер чиплари ишлаб чиқаришини чеклашга қаратилган қатор экспорт назорати чораларини жорий этди.
Сўнгги бир йилда АҚШ-Хитой алоқаларидаги кескинликни Пекиннинг Россия билан ҳамкорлиги ҳам кучайтирмоқда, Москванинг Украинага қарши агрессияси бу ҳамкорликни ўзгартирмади. Ғарб фикрича, Пекин билан Москва ҳисоб-китобли ҳамкор ёки қалин иттифоқчилар бўлишидан қатъи назар, бир нуқтада – Вашингтонга қарши туриш ва унинг режаларини барбод қилишга интилишда якдил ва якқадамдир. Айни чоғда Пекинда айрим сиёсатчилар, АҚШ ва НАТОнинг Украина урушида Россияга нисбатан тутган позициясини Хитойга Тайвань масаласида эҳтиёт бўлишдан огоҳлантирувчи сигнал, деб билишади.
Мавзуга алоқадор Хитой раҳбари Самарқандда Украинани тилга олмади. Нега?Саммитга бир неча кун қолганида Жо Байден Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукмдори шаҳзода Муҳаммад бир Салмон билан учрашмаслиги маълум қилиниши “Катта йигирмалик”нинг турли аъзолари ўртасида улкан келишмовчиликлар борлигини яна бир карра тасдиқлади. Эски иттифоқчиларнинг орасига совуқчилик тушганига анча бўлган. Оқ уй сўнгги бир йил давомида Украинани халқаро майдонда дастаклаш, шунингдек жаҳон нефть нархлари ўсиши масалаларини муҳокама қилиш учун Байден билан шаҳзоданинг телефонда сўзлашувини уюштиришга нечоғли уринмасин, натижа бўлмади. Муҳаммад бин Салмон бу илтимосларни рад этгани камдек АҚШнинг минтақадаги сиёсатини қаттиқроқ танқид қила бошлади.
Байденнинг ўзи ҳам сайловолди кампанияси чоғида Саудия Арабистони ҳақида кескин гаплар айтган, бир гал уни ҳатто “жирканч давлат” деб атаган. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон блогер Жамол Хашоггини ўлдиришга шахсан буйруқ бергани учун нафратга йўлиққан бўлса-да, бу аламларни ҳамон унута олмаяпти. Байден президент бўлгач, 2022 йилгача шаҳзода билан тўғридан-тўғри музокара қилишни қатъиян рад этиб келди. Яқинда эса Вашингтон Саудия Арабистонини жаҳонда энергия манбалари нархи шиддат билан ошаётганига қарамай нефть қазиб чиқаришни янада камайтиришга қарор қилгани учун Москвага ҳамтовоқликда айблаб чиқди.