Бир ярим мингга яқин бошқарув ходими тадбиркорлик қилаётгани аниқланди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги 1488 нафар бошқарув ходими 1653 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Бу рақамлар 12 ноябрь куни ташкил қилинган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сафаров тилидан янгради.

Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунига кўра, вазирлик ва идоралар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда ҳам давлат фуқаролик хизматчисининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши бўйича чеклов кўзда тутилган.

Аммо бу турдаги қонунбузарлик ҳолатлари тўхтаган эмас. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жорий йил сентябрь ойида Транспорт, Маданият ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг 116 нафар мулозими, октябрь ойида эса Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Энергетика вазирликларининг 160 нафар бошқарув ходим тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани ҳақида хабар берганди.

Агентлик матбуот хизматига кўра, қонунчилик ҳужжатларини “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида тегишли қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

Ҳукумат қарорида тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини жорий этиш назарда тутилган.