7 июнь, душанба куни Гаага округ судида 2014 йил 17 июлда “Malaysia Airlines” авиаширкатига қарашли Boeing 777-200ER учоғининг ҳалокатга учрашига доир ишни мазмунан кўриб чиқиш бошланди.
Лайнер MH-17 белгиланган рейсини бажариб, Амстердам – Куала-Лумпур йўналишида парвоз қилаётганди. Учоқ бортидаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Boeing 777-200ER ҳалокати бўйича суд жараёни 2020 йилнинг 9 мартида Амстердамда бошланган. Айбланувчилар тўрт киши бўлиб, шундан уч нафари Россия фуқароларидир. Булар: ФХХнинг захирадаги полковниги Игорь Гиркин (Стрелков); БРБ (ГРУ)нинг захирадаги катта зобити Сергей Дубинский; захирадаги ҲДҚ подполковниги Олег Пулатов.
Тўртинчи айбланувчи – Украина фуқароси, Украинадан ўзини мустақил деб эълон қилган “Донецк Халқ Республикаси”га қарашли разведка бўлинмаси командири Леонид Харченко.
2014 йил 17 июль куни “Boeing 777” Амстердамдаги Схипхол аэропортида ҳавога кўтарилиб, уч соатга яқин парвоз қилганидан сўнг Украинанинг шарқий ҳудудлари устида “Бук” ракетаси ёрдамида уриб туширилганди. Учоқдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари – жами 298 киши ҳалок бўлган, шундан 80 нафари болалар эди.
Аксари қурбонлар (192 нафар) Нидерландия фуқаролари бўлгани боис Украина ҳукумати тергов олиб бориш ваколатини ушбу давлатга топширди.
Нидерландия авиаҳалокат сабабларини БМТ ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ХФАТ) билан яқин ҳамкорликда ўрганишда етакчилик вазифасини бажаришга розилик берди.
Нидерландия Хавфсизлик кенгаши ҳамда Қўшма тергов гуруҳи (JIT) учоқ Украина шарқидаги давлатга тегишли бўлмаган қуролли тузилмалар назоратидаги ҳудуддан уриб туширилган, деган хулосага келди.
Украина шарқидаги тўқнашувларда иштирок этаётган барча томонлар ўзларининг мазкур авиаҳалокатга дахли йўқлигини иддао қилиб келади. Россия Мудофаа вазирлиги ва мамлакатнинг расмий вакиллари Қўшма тергов гуруҳи хулосасини ошкора рад этмоқда.
2017 йил июлда Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги МН-17 рейси ҳалокатида айбдорлар, улар фош этилган тақдирда, Нидерландияда суд қилинишини эълон қилганди.
2019 йил октябрда Россия МН-17 рейси ҳалокатига доир иш бўйича уч айбланувчи устидан маҳкама жараёнини Россия ҳудудида ўтказишни таклиф қилган эди. Аммо Нидерандия бу таклифни рад этган.
Айбланувчиларнинг барчаси – Игорь Гиркин (Стрелков), Сергей Дубинский, Олег Пулатов ва Леонид Харченко – судга келишдан бош тортди. Пулатов суд билан адвокатлари орқали ҳамкорлик қилишини билдирди. Уни икки нидерландиялик ва бир нафар россиялик адвокат тамсил қилмоқда.
Судья Ҳендрик Стинҳейсга кўра, суд “занжирни то Россия ҳарбий қўмондонлигига қадар ҳалқама-ҳалқа текшириб чиқиши”ни, маҳкамага келишдан бўйин товлаган Дубинский, Гиркин, Пулатов ҳамда Харченколар эса алоҳида – битта суд жараёни доирасида суд қилинишини таъкидлади.