Ўзбекистон ўз фуқароларини газ билан таъминлаш учун экспортни тўхтатганини маълум қилди

Ўзбекистон қиш мавсумида ўз аҳолисини газ билан таъминлаш мақсадида қўшни давлатларга, жумладан, Россияга табиий газ экспорт қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Москвадаги Интерфакс агентлигига Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилган.

Мазкур хабар Россия агентлиги сайтида Қозоғистонда аҳоли газ нархи кескин қимматлаганига қарши намойишларни бошлаганидан уч кун ўтгач пайдо бўлди.

Аммо Энергетика вазирлиги расмий сайтида, вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ва маҳаллий матбуотда Интерфаксга берилган маълумот тасдиғини топувчи бирорта хабар берилмади.

Интерфакснинг билдиришича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расмийси “2022 йилда Ўзбекистон ўз аҳолисини газ билан тўлиқ таъминлаш мақсадида Россияга газ сотишни режалаштирмаяпти”,-деб айтган.

Интерфакснинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистон газини сотиб олувчи асосий харидор Хитой бўлиб қолмоқда.

2020 йилда Хитойга 3 миллиард 277 миллион куб метр, 2021 йилнинг 10 ойида эса 4 миллиард кубометрдан кўпроқ газ сотилган.