2024 йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.
Мулозимга кўра, “фуқароларнинг ис газининг хавф эканини тўла-тўкис ҳис этмасликлари, газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари натижасида” юзага келган мазкур нохуш ҳодисаларда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши эса турли даражада тан жароҳати олган.
Қаюмов “ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз ҳамда дудбўрон шамоллатиш тизимларини текширмасдан фойдаланиш” ҳам бу каби фожиаларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилиб, истеъмолчилардан газдан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишни сўради.
Ўзбекистонда совуқ тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Бундан бир ҳафта муқаддам Озодлик ис газидан заҳарланиш туфайли Наманган вилоятининг Поп тумани ва Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 5 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Фаоллар ис гази туфайли ўлимлар сони ортишига энергия тақчиллиги ҳам сабаб эканини айтиб келишади.