Статистика агентлигининг билдиришича, Ўзбекистон 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилган. Газнинг асосий қисми Хитойга сотилган. Айни пайтда Хитой ўтган йили Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилганини маълум қилди. Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир. Бу маълумот “Газета.uz” ўтказган таҳлилда қайд этилди.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон Қирғизистонга ўтган йилнинг 10 ойида 5,2 миллион долларлик газ экспорт қилган. Бу рақам ҳам қўшиладиган бўлса, икки давлат статистикаси ошкор қилган рақамлар ўртасидаги фарқ янада кўпаяди.
“Газета.uz аввал ҳам орадаги фарқ тўғрисида ёзган эди. Хусусан, ноябрда Ўзбекистон Хитойга 39,6 миллион долларлик газ сотганини билдирган. Аммо Хитой Ўзбекистондан 114,2 миллион долларлик газ сотиб олганини маълум қилган (орадаги фарқ деярли уч баробардир)”, дейилади таҳлилда.
Нашр бу масалада энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Хитой Ўзбекистоннинг туркман газини экспорт қилиш учун оладиган ҳақини ҳам умумий статистикага қўшаётганини айтганини эслайди.
“Газета.uz” шундан келиб чиққан ҳолда ўз таҳлилида Ўзбекистон Туркманистондан оладиган транзит ҳақи миқдорини аниқлашга ҳаракат қилган. Ўзбекистон статистикаси бу маълумотни шу кунгача жамоатчиликка ошкор қилган эмас. Нашр таҳлилида таъкидланишича, туркман гази транзити учун олинадиган ҳақ миқдори таҳминан 400 миллион долларни ташкил этиши мумкин.
“Транзит ҳақини чиқариб ташласак, Хитой ва Ўзбекистон маълумотлари бир-бирига яқинлашади,аммо шу ҳолатда ҳам статистикада катта фарқлар борлиги кузатилади – бу фарқ -0.76 миллиондан 66,89 миллион долларгачадир”, дейилади таҳлилда.