Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқи” ни ташкил этиш ташаббусини президент Владимир Путин кўтарганини тасдиқлади ва бу борада тушунтириш берди.
Песковга кўра, уч давлат ўртасида иттифоқ тузиш зарурияти газ экспорти масаласини мувофиқлаштириш эҳтиёжи ортидан пайдо бўлган. Путин айни пайтда “фақат мувофиқлаштирувчи механизм ташкил этиш”ни таклиф қилмоқда.
“Балки бу масалани яна муҳокама қилиш зарурдир. Уч мамлакат ҳамкорлиги ва ташқи бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун қандайдир бир юридик орган тузилиши эҳтимол”,- деди Песков журналистларга.
Песковга кўра, бу тузилма орқали Россия газини Қозоғистоннинг шимолий вилоятларига, Хитойга ва бошқа давлатларга экспорт қилиш учун имконият пайдо бўлади.
28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар берилган.
“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.
“Бугун Владимир Владимирович билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрисида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.
Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмаган эди.
Шундан сўнг қозоқ президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай икки давлат президентлари Ўзбекистон иштирокида “газ иттифоқи”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилганлари ҳақида маълумот берган. Бу маълумот ортидан Дмитрий Песков ҳам бу борада тушунтириш берган.
Аммо бу масалада Ўзбекистон томони ҳозирча расмий муносабат билдирмади.
Россия дунёда газ қазиб олиш ва экспорт қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Украинадаги уруш ортидан Европа Иттифоқи Россияга газ қарамлигини камайтира бошлади ва бунинг оқибатида Москва ўз газининг асосий қисмини Хитойга сота бошлади.
Қозоғистон ва Ўзбекистонда қазиб олинган газ ўз аҳолисининг эҳтиёжи учун аранг етади. Бироқ Туркманистон Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтган қувурлар орқали Хитойга газ экспорт қилади.