Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 13 декабрь куни фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари (21 миллион сўм) миқдорида жарима тайинлаш ҳақида қарор чиқарди.
Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, маҳкама жараёни чоғида блогер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган, деб топилган.
Бунинг ортидан О. Ҳайдаровга МЖТКнинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида жарима солинган.
Аввалроқ адвокат Абдувоҳид Ёқубов блогер Олимжон Ҳайдаровга қўйилаётган модда бўйича жавобгарликда қамоқ жазоси йўқлиги, бироқ унда БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгилангани ҳақида билдирган эди.
Йигирма бир миллион сўмлик жаримага тортилганини фарғоналик блогернинг ўзи ҳам Фейсбукдаги саҳифаси орқали тасдиқлаган, бироқ суд ва айбловга оид бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.
Олимжон Ҳайдаров сўнгги пайтларда мамлакатда, хусусан ўзи истиқомат қилувчи Фарғона вилоятида долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ узилиши билан боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзаётган эди.
Блогер Ҳайдаров Ўзбекистон туманида электр ва газ танқислигини танқид қилгани учун жазога тортилган илк киши эмас. Ўтган ҳафта, аниқроғи 7 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Albus гипс ишлаб чиқарувчи заводининг норозилик билдириб чиққан ишчиларидан 7 нафарини 5 суткадан 10 суткагача қамоқ жазосига тортиш бўйича ҳукм чиқарган.
“Ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши норозиликларни уюштирган”ликда айбланган бу одамларнинг бирига 10 сутка, қолган 6 нафарига эса 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган эди. Олимжон Ҳайдаров гипс заводи ишчиларининг мазкур норозилик чиқишини ҳам ёритган эди.