Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилишни қайта тиклади

Қиш мавсуми учун таппи ёпаётган ўзбек аёли.

Ўзбекистон Хитойга газ экспортини қайта тиклади. Йил бошида Ўзбекистон ички талабни қондириш учун Хитойга газ экспортини тўхтатган эди.

Eurasianet нашрининг 24 май куни ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати расман Хитойга газ экспорти қайта тиклангани тўғрисида билдирмаган.

Бироқ Россиянинг Neftegaz.ru нашри Хитойдаги манбаларга таянган ҳолда, Тошкент Марказий Осиё-Хитой қувури орқали газ беришни 2 баробарга кўпайтирганини қайд этган. Мазкур қувур Туркманистондан бошланади ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга газ етказиб беради.

Neftegaz.ru нашри Хитой Божхонаси бош бошқармасига таянган ҳолда, 2022 йилнинг дастлабки тўрт ойида Хитойга 132, 8 миллион долларлик газ сотганини иддао қилди.

Бу давр мобайнида Туркманистон Хитойга 2,87 миллиард долларлик, Қозоғистон эса 270,6 миллион долларлик газ сотган.

Озодлик радиоси 2020 йил 16 декабрдаги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ бергани тўғрисида хабар қилганди.

Мавзуга алоқадор "Шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти келди". Ўзбек гази фақат Хитойга сотилмоқда

Расмий маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг биринчи чорагида Хитойга бор-йўғи 0,54 миллиард куб.м газ етказиб берилган, Россияга газ сотиш эса бутунлай тўхтаган. Энергетика вазирлиги 2025 йилга келиб газ экспорти бутунлай тўхтайди, деган тахминларини ҳам очиқлаганди.

2021 йилнинг 21 октябрь куни Мирзиёев Жиззаҳда фаоллар билан учрашар экан, Ўзбекистон газ экспорт қилувчи давлатдан газ сотиб олувчи давлатга айланишга тайёр эканини урғулаган эди:

- Авваллари газ сотардик, ҳозир сотиб олишга тайёрмиз. Чунки саноатимизга катта миқдорда газ керак. Қашқадарёдаги GTL заводимиз тайёр турибди, лекин мен ишга туширишга шошилмаяпман. Чунки бундай завод дунёда бешта. Газдан бензин олинади, қўшимча қиймат яратилади. Газ келажак авлодга қоладиган бойлик, ҳар хил шартномалар билан сотиб юборавериш керак эмас, - деган Мирзиёев.

Ўзбекистон Статистика қўмитасининг май ойидаги расмий ҳисоботида таъкидланишича, сўнгги уч йилда электростанцияларга газ бериш 13 фоизга, аҳолига газ етказиб бериш 30 фоизга кўпайган.

Бироқ амалда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йилги куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминоти тақчиллигига дучор бўлаётгани халқаро матбуотда, жумладан, Озодлик радиосида ёритиб келинади.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.