Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида газ сотиш вақти соат 15:00 дан 05:00 гача чекланди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур вақтинчалик чора магистрал газ қувурларида барқарор газ босими таъминланиши йўлга қўйилгунга қадар жорий этилади.
Вазирлик қувурларда газ босими пасайганига об-ҳаво шароити сабаб бўлганини қайд этган. Аввалроқ “Ўзгидромет” жорий ҳафтада Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати -17 даражагача пасайиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.
“Мавжуд вазият билан боғлиқ равишда 4 январь куни уй хўжаликларини электр энергияси ва газ билан таъминлашда вақтинча узилишлар бўлган алоҳида ҳолатлар юз берди. Барча ҳолатлар назорат остида ва зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда”, дейилган Энергетика вазирлиги хабарномасида.
Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетгани ортидан ўтган йил 7 декабрида Тошкентдаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг барчасига соат 17:00 дан 5:00 га қадар газ етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.