“Газпром нефть” Ўзбекистонда АЁҚШлар очишга қизиқмоқда

Қирғизистондаги “Газпром нефть” АЁҚШларидан бири (иллюстратив сурат)

“Газпром нефть” Ўзбекистонда ўз бренди остида автоёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи қуриш дохил қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ширкат раҳбари Александр Дюков сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

“Биз аллақачондан буён Ўзбекистонда ишлаяпмиз, у ёққа нефть ва нефть маҳсулотлари – бензин, дизель ёнилғиси, мойлаш ва битум материлларини етказиб бермоқдамиз. Ҳозир ўз брендимиз остида автоёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш дохил Ўзбекистонда яна айрим лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қиляпмиз”, деган Дюков Россия энергетика ҳафталигида.

“Газпром нефть” раҳбари Ўзбекистон шиддатли иқтисодий ўсиш кўрсатаётгани ва нефть маҳсулотлари истеъмолини кўпайтираётганини қайд этган. Дюковнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон истиқболли бозор бўлиб, бу бозор ичида бўлиш тўғри бўлади.

У ўзи раҳбарлик қилаётган ширкат Ўзбекистон билан углеводородлар разведкаси ва уларни қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини ҳам билдирган.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров фикрича, “Газпром нефть”нинг Ўзбекистонда АЁҚШ тармоғини очмоқчи бўлгани “жуда ёмон хабар”дир. Бакировга кўра, бу ерда “гап фақат санкциялар ва иккиламчи санкциялар рискида эмас, гап фақат буларнинг бензинини сотиб олиш орқали истеъмолчилар қонхўрлик ва зўравонликка шерик бўлишида ҳам эмас”.

Гарчи буларнинг барчаси миллий ва шахсий гигиенада жуда катта аҳамиятга эга. Бир кун келиб уруш барибир тугайди, босқинчилар мағлуб бўлади ва жазосини олади, босқинчилар қўлтиғига сув пуркаган елпатаклар шарманда бўлади. Лекин бозоримизни потенциал агрессорга қўш-қўллаб топшириб қўйганимиз ва рақобат муҳитини ўз қўлимиз билан ўлдирганимиз қолади”, деб ёзган Отабек Бакиров.