Россиянинг Краснодар ўлкасида жойлашган Геленжик шаҳри ҳудудидаги объектлар 27 майга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига нишон бўлди.
“Криница қишлоғида аппаратлардан бирининг парчалари қурилиши битмаган бинога шикаст етказди. Жанхот хуторида дрон дарахтлар устига қулаган, ёнғин сўндирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, [ҳодиса чоғида] жабрланганлар йўқ”, дея билдирган ўлка губернатори Вениамин Кондратьев. Мулозим дронларнинг барчаси ҳавога қарши мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини иддао қилган.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Краснодар ўлкасида душанбага ўтар кечаси тўртта дрон йўқ қилинганини маълум қилган эди.
Жанхот хутори яқинидаги Идокопас бурнида, кўплаб тадқиқотларда иддао қилинишича, Россия президенти Владимир Путин учун қурилган сарой жойлашган. Криница қишлоғида мазкур сарой атрофида етиштирилган узумни қайта ишлаш учун “Старий Прованс” вино заводи қурилаётган эди.
Россия президент Владимир Путин 2021 йили “сарой” унга тегишли эмаслиги ва ҳеч қачон у ерда бўлмаганини айтган эди. Путин ҳақиқатан ҳам у бинода яшагани ёки бўлгани ҳақида очиқ-ойдин далил йўқ, бироқ ҳужжатлардан келиб чиқилса, бу саройга президентга ўта яқин бўлган кишиларнинг алоқаси бор. Путиннинг дўсти бўлган тадбиркор Аркадий Ротенберг бу бино унга тегишли эканини айтган. 2021 йилдан кейин у ҳам, Путин ҳам сарой ва унинг тақдири ҳақида оғиз очган эмас.
Май ойи бошларида президент Путин бешинчи марта қасамёдга келтирилиши арафасида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Геленжикдаги сарой интерьерлари экани иддао қилинган видео ва фотосуратларни ёйинлаган эдилар.