Германия: АҚШ ракеталарининг жойлаштирилиши “Путинни тийиб туриш”га ёрдам беради

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг USS Laboon эсминеци қуруқликдаги нишонни йўқ қилиш учун Tomahawk ракетасини учирмоқда (иллюстратив сурат)

Германияда АҚШнинг узоқ масофали ракеталарининг жойлаштирилиши Россия президенти Владимир Путинни “тийиб туриш воситаси” ўлароқ лозим. Бу ҳақда “Немис тўлқини” Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербокка таянган ҳолда хабар қилди.

Маҳаллий матбуотга 4 август куни берган изоҳида Бербок Берлин ҳозирги пайтда ЕИ ва НАТО доирасида ҳамда мамлакат даражасида “ўз хавфсизлиги ва қудратига сармоя киритаётгани” Германияни муҳофаза қилишини урғулаган.

“Бу чоралар ўз ичига Германияда АҚШнинг узоқ масофали ракеталарини жойлаштиришни ҳам олади”, дея қўшимча қилган вазир.

Унга кўра, ГФР Россияга нисбатан “ишончли тийиб туриш” тизимини шакллантириши зарур. Бу қадамлар "Россия билан бевосита чегарадош бўлган ва сўнгги ойларда чегарада гибрид чораларнинг портловчи таъсирини ўз бошидан кечирган" Польша, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Финляндияни ҳам ҳимоялаши керак, дея қайд этган Анналена Бербок.

Июль ойида Вашингтонда ўтказилган НАТО саммитида Қўшма Штатлар ва Германия ГФР ҳудудига АҚШнинг узоқ масофали ракеталари йўлланиши ҳақида эълон қилишган. АҚШ 2026 йилдан бошлаб ГФРда SM-6 зенит ракеталари, “Томагавк” қанотли ракеталари ва экспериментал гипертовушли қурол-аслаҳа тизимларини жойлаштиришни режаламоқда. Бу қурол-аслаҳалар, Оқ уй маълумотига кўра, “ҳозирда Европада мавжуд бўлганидан кўра анча узоқ масофадаги нишонни уриш имкониятига эга”.

АҚШ ракеталарининг ГФРда жойлаштирилишига оид қарор Бундестагнинг кўплаб аъзолари учун кутилмаган янгилик бўлди, дейилган “Немис тўлқини” мақоласида.

Қатор сиёсатчилар масалани парламент муҳокамасига қўйишга чақиришган. Устига устак, бу каби чақириқлар ҳукмрон коалицияга кирадиган Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) депутатлари орасида ҳам янграмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 28 июли куни, агар Германияда Россия ҳудудига зарба беришга қодир АҚШ ракета мажмуалари жойлаштириладиган бўлса, Москва ҳам ўрта ва қисқа масофали ракеталарини ёя бошлашини билдирган.