Германиянинг қуруқликдаги чегараларида вақтинча назорат жорий этилмоқда

Германиянинг қуруқликдаги чегараларида миграция сиёсати кучайтирилиши доирасида 16 сентябрдан бошлаб назорат тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда ГФР Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатган.

Вазирлик баёнотига мувофиқ, Франция, Люксембург, Ҳолландия, Бельгия ва Дания билан чегаралардаги назорат ярим йилга киритиляпти. Чегара ҳудудларига полициянинг мобил ва стационар постлари ўрнатилади. Чора-тадбирлар орасида бирор кишини мамлакатга киритишдан бош тортилиши ҳам кўзда тутилган.

ИИВ Польша, Чехия, Австрия ва Швейцария билан чегараларда текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан буён амал қилаётганини эслатган.

Вазирлик чегаралардаги назорат шу жумладан исломий гуруҳлар тарафдорларидан ҳам ҳимояни таъминлашини иддао қилган. ИИВ ўз қарорида бир миллиондан кўпроқ украиналик қочқин ва бошқа мамлакатлардан бўлган бошпана изловчилар интеграцияси зарурати дохил Германия зиммасига тушаётган умумий миграция юкини ҳам ҳисобга олган.

Берлин чегараларда назорат ўрнатилаётгани ҳақида Европа комиссиясини хабардор қилган.

Август ойи охирида Германиянинг Золинген шаҳрида бошпана изловчи суриялик шахс шаҳарда ўтказилаётган фестиваль ташрифчиларига пичоқ билан ҳужум қилган. Ўшанда уч киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг Германия расмийлари қонунларни кучайтириш ҳамда ноқонуний миграцияни қисқартириш зарурати туғилганини билдирганлар.

ГФР Жиноят полицияси федерал муассасасининг август ойи охиридаги маълумотига кўра, Шенген ҳудуди доирасида чегарадан ноқонуний ўтиш бўйича 380 минг ҳолатдан 266 мингтаси Германия ҳиссасига тўғри келади.

Германия ҳудудидан ноқонуний ўтиш бўйича энг кўп қонунбузарликларни Сурия фуқаролари (54 минг киши), Туркия фуқаролари (36 минг киши) ва Афғонистон фуқаролари (35 минг киши) содир этишган.