Германия канцлери Олаф Шольц 14 февраль куни Киевда президент Владимир Зеленский ва 15 февраль куни Москвада президент Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Музокараларнинг асосий мавзуси Украина атрофидаги кескинликни юмшатиш бўлади.
Сафар арафасида Шольц НАТО ва Европа Иттифоқи “Россия Украинага ҳужум қилган тақдирда” амалга киритиладиган “қатъий санкцияларни ишлаб чиққани” ҳақида билдирди.
АҚШ разведкаси 13 февраль куни Россия Украина чегарасига жамланган аскарлари сонини 100 мингдан 130 мингга кўпайтиргани ҳақида маълум қилди.
12 февралда АҚШ Россия агрессиясидан ҳавотирланган ҳолда Киевдаги дипломатларининг бир қисмини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг Украина ҳукумати аҳолини ваҳимага тушмасликка ва осойишталикни сақлашга чақирган эди.
11 февралда эса АҚШ, Британия, Германия, Австралия, Япония ва бошқа кўплаб давлатлар Россия тўлақонли ҳужум қилишига ишонилиши ортидан ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган.
12 февралда Россия Украинадаги дипломатларининг бир қисмини эвакуация қилганини билдирди.