Германия ҳукумати Москва Украинадаги айирмачи ҳудудларни мустақил давлат сифатида тан олгани оқибатида “Шимолий оқим-2” газ қувурини сертификация қилиш тўхтатилганини билдирди.
Dpa агентлигининг хабар беришича, Германия канцлери Олаф Шольц газ қувурини ишга тушириш режаси қайта кўриб чиқилиши шартлигини айтди. Мазкур қувур ишга туширилиши кечиктирилиши ортидан Москва ва Берлин ўртасидаги бошқа ҳамкорлик соҳалари ҳам қайта кўриб чиқилади.
“Шимолий оқим-2” газ қувури Украинани четлаб ўтиб, Болтиқ денгизи орқали Германияга йилига 55 миллиард кубометр газ етказиб бериш мақсадида қурилган эди.
Европа Иттифоқидаги кўплаб давлатлар ва АҚШ “Шимолий оқим-2” газ қувурини Россия ўз сиёсий мақсадлари учун Украина ва ЕИга босим ўтказишда фойдаланади, деб ҳисоблаб келган.Лекин Германия мазкур қувур қурилиши тарафдори бўлган.
“Шимолий оқим-2” Россиянинг “Газпром” ширкати томонидан 2021 йилнинг октябрида қуриб биткизилган ва эндиликда уни фойдаланишга топшириш масаласи кўриб чиқилаётганди.