Германия расмийлари мухолифатчи Билол Қурбоналиевни Тожикистонга экстрадиция қилишган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати мухолифатдаги «24 гуруҳи»дан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Аввалроқ у октябрь ойида Германияда яшаш тартибини бузганлиги учун қўлга олингани хабар қилинган эди.
«24 гуруҳи» маълумотига кўра, тожикистонлик мухолифатчи 24 ноябрь куни экстрадиция қилинган, унинг адвокатига эса бу ҳақда расман 27 ноябрь куни маълум қилинган. Адвокат Билол Қурбоналиевнинг Душанбекга бериб юборилишини ноқонуний деб ҳисоблайди ва мазкур қарор юзасидан Германия судига ариза киритиш ниятида.
Қурбоналиев Тожикистонда тақиқланган «24 гуруҳи» аъзоси бўлиб ҳисобланади. У 2022 йилдан буён Германия ҳудудида юрган, бироқ қочқин мақомини олган эмас. Билол Қурбоналиев жорий йилнинг сентябрь ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Германияга келишига қарши норозилик акцияларида иштирок этганлардан биридир.
Октябрь ойи бошида Европада яшовчи тожикистонлик мухолифатчилар 29 сентябрь куни Эмомали Раҳмоннинг Германияга ташрифи чоғида ўзлари ўтказган норозилик тадбири ортидан Тожикистонда яқинлари қўлга олингани ҳақида билдиришган.
Ўша пайтда «24 гуруҳи» куч ишлатар тузилмалар ходимлари гуруҳ аъзоси Дилшод Шарифовнинг отаси ва олти нафар қариндошини, шунингдек, Исмоил Маҳмадов, Жамшед Шарифоа, Беҳруз Тағойзода ва Муҳаммаджон Абдуллоевнинг яқинларини қўлга олишгани ҳақида маълумот тарқатган эди.